Маориз билан ёлғондан сақланиш

Ёлғондан бошқа чора қолмаган пайтда маориз (яъни, гапнинг ўз маъносини яшириб, бошқа маънога буриб гапириш) билан вазиятдан чиқиб кетиш ҳолатлари ўтганлардан нақл қилинган. Умар розияллоҳу анҳу: «Маориз кишини ёлғондан тиймайдими?!» – деганлар. Бу гап Ибн Аббос ва бошқалардан ҳам ривоят қилинган. Табиийки, улар бу ўринда ёлғондан ўзга чора қолмаган вазиятни назарда тутдилар. Акс ҳолда, ёлғондан сақланиш учун ёпиқ гапириб, гапни буриш ҳам, очиқчасига ёлғон қўллаш ҳам жоиз эмас. Гарчи ёпиқрок, гапириб, гапни буриш очиқчасига ёлғон сўзлашдан енгилроқ саналсада…

Маоризга тарихда мисоллар кўп.

Муоз ибн Жабал Умар розияллоҳу анҳунинг омили (солиқ йиғувчиси) эди. Муоз уйига қайтгач, аёли унга:

– Сиз ҳам солиқ йиғувчиларга ўхшаб уйингизга бирор нарса олиб келдингизми?

Муоз ҳеч нарса олиб келмаган эди, деди:

– Ёнимда кузатувчи бор эди.

– Ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг наздларида ҳам амин (ишончли) деб топилган киши эдингиз- ку?! Умар сизга кузатувчи қўйдими? – деди аёли.

Бу гап хотинлар орасида ёйилди. Ҳатто Муознинг хотини Умарга шикоят ҳам қилди.

Амирул-мўминин Муозни чақиртириб:

– Сен билан бирга кузатувчи жўнатдимми? – деб сўради.

– Аёлимга шундан бошқа узрли сабаб тополмадим, деди Муоз. Умар розияллоҳу анҳу кулдилар ва:

– Мана буни ол, аёлингни рози қил, дедилар.

Муоз «кузатувчи» деганда Оллоҳ таолони назарда тутган эди.

 

Нозик чегара…

Пайғамбар алайҳиссалом айтдилар: «Токи ўзига раво кўрганни биродарига раво кўрмагунча, ёлғон ҳазилдан узоқлашмагунча кишининг иймони комил бўлмайди» (Ибн Абдулбир ривояти).

Аммо Пайғамбар алайҳиссалом: «Албатта киши одамларни кулдириш учун битта сўз айтиб, Ҳулкар юлдузларидан ҳам узоқроқ (чуқурроқ) дўзахга қулайди» деган сўзлари билан мусулмонни ғийбат қилиш ва қалбга озор етказадиган ҳазилни назарда тутган эдилар.

Баъзан биров бировга: «Сенга буни юз марта айтдим!» – деб юборади. Одатий муболағадаги бу ёлғон учун фосиқлик ҳукми жорий бўлмайди. Чунки, сўзловчи бу гапи билан аниқ бир миқдорни назарда тутаётгани йўқ. Балки муболағани ирода қиляпти. Лекин у «юз марта айтдим» деган гапини энди биринчи марта айтаётган бўлса, ёлғончи бўлиб қолади. Агар олдин бир неча марта айтган ва айтилган бу гапнинг саноғи ҳали юзга етмаган бўлсада, у гуноҳкор бўлмайди. Бу иккаласининг орасидаги чегара шу қадар нозикки, эҳтиёт бўлинмаса, ёлғонга ўтиб кетиш хавфи бор.

 

Таом узатилганда ёлғондан «иштаҳам йўқ» дейиш…

Одатланиб қолинган ёлғонлардан бири: «Таом егин» дейилганида: «Иштаҳам йўқ» – дейиш. Иштаҳаси бўлиб туриб, ҳеч сабабсиз бундай дейиш манъ қилинган ишдир.

Мужоҳид Асмо бинти Умайснинг шундай деганини ривоят қилади: «Расули акрам Оишанинг ҳужрасига кирадиган кечаси мен ҳам бошқа аёллар билан бирга у ерда эдим. Оллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг ёнида бир коса сутдан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Расули акрам сутдан ичдилар, сўнг уни Оишага узатдилар. Оиша: «Уяляпман» – деди. Шунда мен: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўлини қайтарманг, олинг» дедим. Оиша бироз тортиниб сутдан ичди. Сўнг Расули акрам: «Дугоналарингга ҳам узат» – дедилар.

– Йўқ, биз хоҳламаяпмиз, – дедик.

– Очлик билан ёлғон ҳеч қачон жамланмайди, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

-Эй Оллоҳнинг расули, биз бир нарсани хоҳлаб турган ҳолда, хоҳламайман, деса, бу ҳам ёлғон саналадими? – сўрадим.

– Албатта ёлғон ёлғон деб, ёлғон гапирувчи аёл ёлғончи деб ёзилади, – дедилар Оллоҳнинг расули» (Ибн Абу Дунё ривояти).

 

“Подшоҳ совғаси”…

Иброҳим Нахаъий ўзи ёқтирмаган бир киши уни сўраб келиб қолса: «Мен уни масжидда излашимни айт. «Бу ерда эмас эдилар» деб ёлғон гапириб қўйма тағин!» – дерди ходимасига.

Абдуллоҳ ибн Утба ривоят қилади: «Отам билан Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурига кирдим.Чиққанимда устимдаги кийимимга қараб:

– Амирул-мўминин кийдирдими? – дейишди.

– Оллоҳ мўминлар амирини яхшилик билан мукофотласин, дедим. Шунда отам:

– Эй ўғлим! Ёлғон ва ёлғонга ўхшаш сўзлардан ўзингни тий! Фахр ҳиссини туйиш учун одамларни ёлғонни ростга йўйишга мажбур қиляпсан. Бу фойдасиз, ботил мақсаддир, – дедилар мени бу ишдан қайтариб».

Энди ҳатти-ҳаракатларимизни, амалларимизни бир сарҳисоб қилайлик…

 

Абу Ҳомид Ғаззолий

“Тил офатлари” китобидан

Манба: Minbar.uz канали

 https://telegram.me/joinchat/CnqxLD66_7QQ3wEhf-LUYQ