МУСУЛМОНЛАРНИ МЕНСИМАЙ, МАСХАРА ҚИЛИШНИНГ ҲАРОМЛИГИ ҲАҚИДА

Аллоҳ таоло: “Мўминлардан ихтиёрий эҳсон қилувчиларини ва зўрға топиб-тутувчиларини истеҳзо ила масхаралайдиганларни Аллоҳ “масхара” қилади ва улар учун аламли азоб (бор)дир” (Тавба сураси, 79-оят), деб айтган.

Яна: “Эй мўминлар! (Сизлардан) бирор миллат (бошқа) бир миллатни масҳара қилмасин! Эҳтимолки, (масхара қиинган миллат) улардан яхшироқ бўлса. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масҳара қилмасин)! Эҳтимолки, (масҳара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлса. Ўзларингизни (бир-бирларингизни лақаблар билан атамангиз!” (Ҳужурот сураси, 11-оят);

“(Кишилар ортидан) ғийбат қилувчи, (олдида) масхара қилувчи ҳар бир кимсанинг ҳолига вой!” (Ҳумаза сураси, 1-оят).

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бир-бирларингизга ҳасад қилманглар ва савдода сохталик билан келишиб, нархларни оширманглар. Бир-бирларингизга ғазаб қилманглар ҳамда орқа ўгириб, муносабатларни бузманглар. Баъзиларингиз айримларингиз савдоси устига савдо қилмасин. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар. Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм ҳам қилмайди, хўрламайди ҳам, паст ҳам санамайди. Тақво бу ерда”, деб, уч бора қалбларига ишора қилдилар. “Мусулмон биродарини паст санаган киши ёмон эканига далолат қилади. Ҳар бир мусулмоннинг бошқа мусулмонга қони, моли ва обрўсини (суиистеъмол) қилиши ҳаромдир”, дедилар.

 Имом Муслим ривояти.

Имом Нававий: “Тадаббур қилган кишига бундан-да фойдаси кўп, манфаати улуғ ва яхшироқ ҳадис бўлмаса керак”, дедилар.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қалбида зарра миқдорича кибри бор киши жаннатга кирмайди”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, киши чиройли кийим ва чиройли пойабзал кияди (бу ҳам кибр бўладими?)” деганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ чиройлидир. Чиройлини яхши кўради. Кибр эса ҳақни бузиш ва кишиларга паст назар билан қараш”, дедилар.

 Имом Муслим ривояти.

“Дуо ва зикрлар” китобидан.

Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш адолатдир,

 ўз ўрнига қўймаслик эса зулмдир.

Кўплаб Ҳиндистон уламоларининг пири бўлмиш Ҳожи Имдодуллоҳ роҳимаҳуллоҳ аввал Ҳиндистонда яшаб, сўнгра Маккага ҳижрат қилиб, Маккада яшаганлари учун Маккий тахаллусини олганлар.

Ана шу зот – Ҳожи Имдодуллоҳ Маккийнинг машҳур гаплари бор. У зот: «Мақсадимиз разолатни изола қилиш эмас, балки имола қилишдир», деганлар. Бунинг маъноси шуки, биз инсон қалбидаги разолатларни бошлаб берадиган ҳисларни йўқотишга буюрилмаганмиз. Бизнинг мақсадимиз ана шу ҳисларни яхшиликка йўналтиришдир.

Масалан, бир қотиллик юз берди. Қотилликка ғазаб сабаб бўлди. Бир одам ғазаб устида бировни ўлдириб қўйди. Бизнинг асл мақсадимиз ўша ғазабни йўқотиш эмас экан, балки ўша ғазабни яхшиликка, фойдага буриш экан. Зеро, биз бу ғазабни батамом йўқотиб юбора олмаймиз. Ғазаб умуман бўлмаса, одам инсон суратидаги ҳайвонга айланиб қолади. Ўз ўрнида ғазаб ҳам керак. Ғазабни куфрга, шайтонга, ёмон йўлга бошловчи нафсга қарши қаратиш керак.

Худди шунингдек, мақсад шаҳват ҳиссини йўқотиш бўлиши керак эмас экан. Шаҳват бўлмаса, оила қурилмайди, инсон туғилмайди, насл давом этмайди, бу эркакларга ҳам, аёлларга ҳам зулм бўлади. Лекин шаҳват бор экан деб, зино қилиш керак эмас, балки шаҳватни ҳалол йўл билан қондириб, покиза насл қуришга ишлатиш керак. Биз шаҳватни бутунлай йўқотишга буюрилмаяпмиз, балки уни жиловлаб, тўғри йўлда ишлатишга буюриляпмиз.

Инсонга берилган ҳар қандай ғариза ҳам шундай. Масалан, рашкда ҳам шундай. Рашк бўлмаса инсон нимага айланишини ҳаммамиз яхши биламиз, лекин рашк ҳаддан ошиб кетса ҳам яхшилик бўлмайди. Демак, юқоридаги қоидага биноан, инсон рашкни бутунлай йўқотишга буюрилмади, балки уни ўз ўрнига қўйишга буюрилди. Ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиш адолатдир, ўз ўрнига қўймаслик эса зулмдир.

Шу ўринда бир мисол. Машойихларимиз айтадиларки, ҳижрий 286 йилда Афғонистондаги Рай шаҳрининг қозиси Мусо ибн Исҳоқнинг ҳузурида маҳкама бўлди. Маҳкамага бир эр-хотин ва гувоҳлар ҳозир бўлишди.

Хотин: «Эрим менга 500 динор маҳр бериши керак эди, шу маҳрни бермади», деб иддао қиляпти, эри эса буни инкор қиляпти. Шунда қози Мусо ибн Исҳоқ аёлга «Вакилларинг, гувоҳларинг борми?» деди. У «Ҳа, бор», деди. Ўртага гувоҳларни чиқаришди. Одамларни танитиш қисми бошланди. Гувоҳ аввал аёлни таниши керак эди. Қози унга «Бу аёлга разм сол», деб буйруқ қилди.

Шариатда маҳкамада гувоҳликка ўтиш учун эркак номаҳрам аёлга қараши мумкин. Қози шу буйруқни айтган эди, эр «Нима қиляпсизлар?» деб, ўрнидан туриб кетди. Мусо ибн Исҳоқ «Иш юриши учун гувоҳ уни таниши керак», деди. Шунда эр: «Мен тан олдим. Ҳақиқатдан ҳам зиммамда бунинг 500 динор маҳри бор. Мен уни бераман, фақат бу маҳкамани тўхтатинглар», деди. Бу эса «Майли, молимдан кечаман, лекин аёлимга номаҳрам тикилмасин» дегани эди.  Бу ҳолатни кўрган аёл инсофга келиб, эрининг рашкини кўриб, қозига «Мен 500 динор маҳрдан воз кечдим. Уни эримга ҳиба қилдим, менга керак эмас», деди. Мана шу маҳкама бутун Ислом оламида машҳур бўлиб кетган.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Манба: @mehrobuz телеграмм каналидан олинди.