Жума суҳбатлари туркумидан

 ТАШАККУР АЙТУВЧИЛАРНИНГ БИРИ

Мусулмонлар бошига кўп кулфат солган Нажддаги Бану Ҳаниф қабиласи раиси Сумома ибн Асални мусулмон суворийлар тутиб келиб, масжиднинг бир четига боғлаб қўйишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтар эканлар, сўрадилар: “Эй Сумома, аҳволинг қалай?” “Эй Муҳаммад, агар мени ўлдирсанг, қасос олинадиганлардан бирини ўлдирган бўласан. Мабодо кечирсанг, ташаккур айтувчилардан бирини кечирган бўласан. Агар мол истасанг, хоҳлаганингча мол бераман”, деди Сумома.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам индамай кетдилар. Такрор унинг ёнидан ўтар эканлар, аввалгидай ҳолини сўрадилар. У ҳам юқоридаги жавобни берди. Учинчи бор ўтаётиб, ўша саволни берган эдилар, яна ўша жавобни қайтарди. Бу сафар Набий алайҳиссалом: “Сумомани озод қилиб юборинглар!” деб буюрдилар.

Сумома Пайғамбаримизга бундай деди: “Аллоҳга қасамки, ер юзида сендан ортиқ нафратланадиган кишим йўқ эди. Лекин ҳозир сен дунёда энг севимли кишим бўлдинг. Ер юзида сенинг динингдан кўра нафратланадиган диним йўқ эди. Лекин ҳозир менга энг мақбули сенинг дининг бўлди. Суворийларинг мени қўлга олишганда умрага кетаётган эдим…”

“Кўҳна дунё ва ривоятлари” китобидан.

 

 Ҳеч нарсани тан олмайди, ҳамма нарсани инкор қилади,

фақат бир фикрни маҳкам ушлаб олган

(ёхуд маҳбуслар билан суҳбатдан хулосалар)

Эркакнинг зиммасидаги энг катта мажбуриятлардан бири бу ўз оиласининг нафақасидир. Эркак киши оилани таъминотига маъсул бўлиб, соддароқ тилда айтганда ўз оиласини боқиши керак.

Яқинда биз 10 кун давомида қамоқхоналарда бўлиб, айнан экстремистик гуруҳларга кириб қолганлар билан учрашиб, суҳбатлар ўтказиб қайтдик. Маҳкумлар ёки маҳбуслар билан ўзаро суҳбатларимиз давомида, уларнинг баъзилари оилани боқиш, ота-онанинг хизматини қилиш каби амалларни бутунлай унутиб қўйишганлиги маълум бўлди.

Хусусан маҳбуслардан бири фарзларнинг гултожи дея халифалик деб туриб олган. Қамалганига мана қарийиб 20 йил бўлган. Ота-онаси бу дунёдан ўтиб кетган, аёли ундан ажрашиб, бошқа эрга тегиб кетган, болалари бошқа эркакнинг қўлида тарбия топмоқда. Бу киши эса ҳалиям халифалик қураман деган хаёл билан ўтирибди.

Биз, “…фарзандларни тарбия қилиш ҳам сизга вожиб амал эди аслида. Оилани сақлаб қолиш ҳам вожиб эди, аммо халифалик қуриш фарз эмас, вожиб ҳам эмас эди, биродар!”, дея эслатиб ҳам кўрдик.

Бу суҳбатлар биз учун жуда оғир кечди. Улардан шунақа гапларни эшитасизки, наҳот инсон зоти шунчаликка борса деб ўйлаб қоласиз. Ҳеч нарсани тан олмайди, ҳамма нарсани инкор қилади, фақат бир фикрни маҳкам ушлаб олишган – халифалик қуриш керак, дейишади.

Улар бу ғояга шу қадар чуқур кетиб қолишганки, ҳатто халифалик қурмагунча беш вақт намозни ҳам фарз эмас, дейди. Керак бўлса, одам ўзини ўлдириши ҳам мумкин дейишмоқда. Хатто “биродарлар орасида аёлларни ўзаро ҳадя қилиш мумкин”, деган фикрлари ҳам бор.

Аввалроқ рашқ ҳақида гапириб, динимиздаги аҳамияти ва мусулмонлар хаётидаги ўрни хақида тўхталиб ўтган эдик. Ўша киши ўзи қамоқда ва ўтирган жойида “аёлимнинг ихтиёрини ўзига берганман” демоқда. Биз ундан “…бундай гапни қаердан олдингиз?” деган саволни берсак, улар “шариатдан олдим”, дейди. Биз “..шариатда бундай гап йўқ”, десак, “Сизларнинг шариатларингизда бўлмаса, бизда бор. Ихтиёрни хотинимга берганман, хотиним ҳозир бошқа эркак билан яшаяпти”, дейди. Аниқлаб кўрсак, ўша бошқа эркак, унинг ўша ғоясидаги «биродари» экан. Уларнинг фикрича, «биродарлар» орасида аёлини қўлма-қўл қилиш мумкин экан. (Табиий равишда бу мулоҳазалардан рашқ деган тушунча қаерда қолганлигини излаб қолади киши.)

Покистонга, Афғонистонга чиқиб кетганлари бўлиб, қайтиб келаётганларида қўлга тушишган. Лекин, беш-олтита фарзанди, аёли ва онаси Афғонистонда қолиб кетган. Шу воқеаларга мана 20 йил бўлибди. Манашуларнинг бири билан гаплашдик.

20 йил олдин қўлга тушган, бешта боласи, хотини, онаси Вазиристон деган жойда қолиб кетган. Учта ўғли бор экан. «Ўғилларимнинг тириклигига умидим йўқ, улар ҳам жангари бўлиб, ўлиб кетгандир, лекин онамни олиб келишим керак», дейди. Хотини, қизларини ҳатто гапираётган йўқ, чунки уларнинг ҳоли не кечганлигини ўз билар экан. Аҳволини кўриб, куйиб кетади киши. Соч-соқолингиз шу заҳоти оқариб кетмаганига ҳайрон қоласиз. Жаҳолат шу қадар экан, биродарлар.

Мана шу ҳолатни тушунган Ўзбекистон Республикаси Президенти ўшандай кишилар билан гаплашиб, кўнглида ёмонлиги бўлмаса, у ерда ўтиравермасинлар ва тавба қилган бўлсалар, 20 йилдан бери нима қилиб ўтирибди, жамиятга қўшилсин, оиласига борсин, деган мазмундаги топшириқни берган эдилар. Буни қарангки, ҳатто шуни ҳам истамаётганлар бор экан. “Биз чиқмаймиз, омонатимизни шу ерда топширамиз”, дейишмоқда. Бундай жоҳалатга ботиб қолиб, шу каби ҳолатга тушиб қолишдан Аллоҳ асрасин ва ўшаларга ҳам инсоф берсин.

Ана шундай суҳбатлар туфайли гоҳида айрим жума намозларида ўз қавмимиз билан кўриша олмаётган эдик. Иншааллоҳ, бу тадбир ҳали яна давом этади.

Албатта, тавба қилганлар ҳам кўп учрамоқда. Пушаймонлар бўлса, улар хусусида ўз хулосамизни ёзма равишда ўша ернинг ўзида бериб келмоқдамиз ва бир ойга қолмай улар озодликка чиқариб юборилмоқда.

Ҳатто, бунинг ижобий натижаларини ҳам кўришга мувоффақ бўлмоқдамиз. Биз ўн кун олдин гаплашган бир маҳбус кеча менга оиласи билан кўришиб, кулишиб турган суратини юборибди. Худо хохласа бундайларнинг сони янада кўпайиб бораверади.

Аллоҳ таоло барча хайрли ишларимизни бардавом қилсин, адашганларга инсоф-тавфиқ берсин, юртимизга тинчлик ато этсин, жамиятимиздаги ҳар бир оиладаги эркагу- аёлнинг ҳаққини адо қилишмизни насиб этиб, икки дунёимизни обод айласин!-дея дуо қилиб қоламиз.

 

Савоб ва ажр

Бизда дунёни ҳам обод қилинади, охират ҳам обод қилинади. Дунёни обод қилмай туриб охиратга эришиб бўлмайди. Бандага ваъда қилинадиган мукофотлар ажру савоб дейилмоқда. Савоб бандага охиратда бериладиган нарса, ажр эса дунёда бериладиган нарсадир. «Самарасини фақат охиратда кўрасан», дейилмаяпти, балки ажр шу дунёнинг ўзида ҳам кўрилади.

Масалан, сиз намозхонсиз, одамлар кўз ўнгида яхши инсонсиз, ишончли одамсиз, одамлар сизга ҳурмат билан қарашади. Шунинг ўзи ажр эмасми? Ҳажга бориб келгансиз, одамлар «ҳожи ака» дейишади, тўрга ўтказишади – шунинг ўзи ажр эмасми? Дунёда олинадиган ажр мана шу шундан бошланади. Савоб эса охиратда берилади.

Машойихларимиз ҳикматларда айтадиларки, агар банда садоқатни нақд қилиб қўйса, яъни ибодатни, солиҳ амални, зиммасидаги вазифани нақд қилиб қўйса, Робби ажрни охиратга насия қилишдан пок Зотдир. Бу эса банда тоат-ибодатни нақд қилса, Робби ўша тоат-ибодатга берадиган ажрни охиратга қолдирмайди дегани.

Худди шунингдек, баъзи жиноятларнинг жазоси ҳам дунёнинг ўзида берила бошлайди. Масалан, зулм. Биродарлар, зулм шунчалик ёмон гуноҳки, бировга жабр ўтказиш, айниқса қийналган одамларга, мазлумга жабр кўрсатиш шундай улкан гуноҳки, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бу гуноҳнинг жазосини охиратга сақлаб қўймайди, балки дунёнинг ўзида бериб бошлайди.

Золим жазосини олмай бу дунёдан ўтмайди. Бу инсон яралгандан бери амал қилиб келаётган қонундир. Золим борки, жазосини олмасдан ўтмаган. Фиръавн ҳам жазосини олган, Ҳомон ҳам жазосини олган, Қорун ҳам жазосини олган. Улардан кейинги фиръавнлар ҳам, улардан кейинги Қорунлар ҳам, улардан кейинги Ҳомонлар ҳам жазосини олиб келмоқда. Зулм ана шундай нарса. Ажру савоб ҳам худди шундай.

Раҳматуллоҳ қори Ҳабибуллоҳ ўғли

Тошкент шаҳар Юнусобод тумани “Мирза Юсуф” жоме масжиди имом хатиби

Манба: @mehrobuz телеграмм каналидан олинди.