«ЎЗБЕК» АТАМАСИНИНГ КЕЛИБ ЧИҚИШИ БИЛАН БОҒЛИҚ БИР ФАРАЗ  ҲАҚИДА

 Ғарб олимларидан бўлмиш Аллен Ж. Франк ва Петер Б. Голден «ўзбек» атамаси Туркистон кенгликларида Олтин Ўрда хони Ўзбекхондан анчагина олдин пайдо бўлган деб таъкидлашса, бошқа бир гуруҳ (П.П.Иванов. А.Ю.Якубовский, Х.Ҳукҳэм) бу атамани Ўзбекхон (яшаган йиллари: 1283-1341, тахтда ўтирган йиллари: 1213-1241 ) номи туфайли пайдо бўлган деб даъво қилишади. Баъзи олимлар эса,масалан, М.Эрматов «ўзбек» сўзининг пайдо бўлишини туркий қабилалардан бўлмиш уз(ўз)лар билан боғлайди.

Аммо, маълумки Олтин Ўрда хони Ўзбекдан аввал ҳам бу атама мавжуд бўлган.  Масалан, ХII асрда яшаган муаррих Усама ибн Мунқиз “Китаб ал-Иътибар” асарида Мосул амирининг исми Ўзбек эди деб қайд этади. Машҳур муаррих Рашдиддин Фазлуллоҳ ал-Ҳамадоний ҳам ўзининг “Жоме ат-Тавориҳ” асарида илгезидийлар сулоласига тегишли Табриз ҳокимининг исми Ўзбек Музаффар деб маълумот беради. Жалолиддин Хоразмшоҳ қўшинбошлиқларидан бирининг исми ҳам Жаҳон Паҳлавон Ўзбек бўлгани маълум.

Бу маълумотларни келтиришимдан мақсад шунда-ки, бугунги кунда «ўзбек» этноними  хусусида ёзилган илмий мақола-ю манбаъларда аксарият бу атамани бепоён Дашти Қипчокда истиқомат қилган турк  уруғларининг айрим қисми ўзларини эркин,ҳеч кимга бўйсунмаган деб билганлари сабабли «ўзбек», яъни «ўзига бек» деб атаган деб даъво қилинса, яна бир гуруҳ олимлар Олтин Ўрда хони Ўзбекхон (1312-1340) номидан келиб чиққан деб ёзишлари асоссиз эканлигини ва бу исм жуда қадимдан мавжуд эканини,демак, «ўзбек» илдизини ҳам олисдан излаш лозимлигини уқтириб ўтишдан иборат.

Мен «ўзбек» атамасининг келиб чиқиши муаммосига ёшлик чоғларимдан қизиққанман. Ҳозир бу ҳақда батафсил тўхталиб ўтирмоқчи эмасман. Мавриди келганда бу масала акс этган тарихий-бадиий асарларимдаги фикрларимни жамлаб сизга етказишга уриниб кўрарман.

Бу масалани ҳал қилиш, «ўзбек» атамасининг пайдо бўлишига аниқлик киритиш осон эмаслигини яна бир таъкидлайман. Тарихчи олим Бўрибой Аҳмедов «Тарихдан сабоқлар»  китобида (Тошкент, «Ўқитувчи», 1994, 196-бет)  жуда тўғри қайд этганидек, бу «масала шу қадар мушкул, жиддий ва нозикки, уни илмий жиҳатдан таҳлил этиш бир киши қиладиган иш эмас. Бунинг учун араб, форс, хитой ва бошқа тилларда ёзилган манбаларни бемалол ўқий оладиган тарихчи, етук археолог ва антрополог, яхши тилшунос олим, қадимий халқлар ҳақида уларнинг туриш-турмуши, дини, эътиқоди ва бошқа белгиларига қараб илмий хулоса чиқара оладиган этнограф, классик жуғрофия илмини, айниқса, топонимикани яхши билган жуғроф, халқ оғзаки ижодини мукаммал билган фольклорчи олимларнинг биргаликда, бошқа юмушларни йиғиштириб қўйиб, илмий тадқиқот ишлари билан мунтазам шуғулланиши талаб қилинади».

Ҳозирча эса “ўзбек” атамасининг келиб чиқиши билан боғлиқ бир фаразнинг тўрт киши томонидан айтилиши ҳақидаги маълумотни сизнинг эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман,холос.

Бу фаразни дастлаб 1988 йилда ёзилган, аввалан “Шарқ юлдузи” журналида босилган, кейинчалик 1991 йилда нашр этилган “Самарқанд хаёли” китобимнинг туркийларнинг келиб чиқиши билан боғлиқ мулоҳазалар давомида ёзиб ўтган эканман (Хуршид Даврон. Самарқанд хаёли.Тошкент,232-236 бетлар). Ўша мулоҳазаларимдан парчаларни айрим таҳрирлар билан келтираман:

“Аксарият қисми ўз аждодлари тарихидан бехабар замондошларимиз ушбу тарихий эссе-қиссани ўқиш давомида “туркийлар”, “турклар”, “ўзбеклар” атамалари устида чалғишларини истамай, ўша тарихий даврдаги шароитни ҳисоблаб, бу атамаларга изоҳ беришни маъқул кўрдим.

…Шуни қайд қилиш лозимки, ўтган асрларда кўҳна Шарқ тарихини ўрганиш билан асосан овруполик олимлар кўпроқ шуғулланишди. Бу энг аввало қаддини тиклаб олган Оврупо ўзининг оч назарини Осиё қитъаси мулкларига тикиши билан, фақат шундан кейингина илм-фан фидойиларининг ўрганишга ташналиги билан изоҳланади. Шу сабабдан, Шарқ тарихини асосан овруполиклар тадқиқ қилгани учун бу қадимий ҳудудда яшаб ўтган халқлар, элатларнинг номи маъноси, келиб чиқиши асосан Оврупо (эроний) тиллари нуқтаи-назаридан чиқиб ўрганилган. Ўша даврда туркий тилларни ўрганиш суст бўлгани сабабли, бу тилларга деярли мурожаат қилинмаган. Бунинг оқибатида бир томонлама фикрлар пайдо бўлди. Шу сабабдан ҳам жуда кўп овруполик тилчилар Ўрта Осиёда яшаган қадимий халқлар, элатлар шарқий эрон тиллари гуруҳига мансуб Суғд ва Хоразм тилларида гаплашганлар деганлари гумонлидир. Саклар ва массагетлар Оролбўйи, Еттисув, Тангритоғ (Тянь-Шань) ва Олтой этакларида яшаган туркий тилли хунлар, сэньбийлар, уйғурлар билан ёнма-ён яшаганини ҳисобга олиб, Н.Аристов, Г.Грумм-Гржимайло, А.Кононов, С.Малов Пелько, А.Габен каби тадқиқотчилар бу кўчманчи халқларнинг эрон тилли гуруҳга киришига шубҳа билан қарайдилар. Юнон муаррихи Ҳеродотнинг “Тарих” асарини таржима қилган И.Пьянов: “Массагетлар деганда фақат туркийларни назарда тутиш керак”, — деб ёзади.

…Энди воҳаларда яшовчи халқларга назаримизни қаратайлик. Назаримиз уларнинг ҳаммасини қамраб ололмаслиги туфайли, фақат асрлар оша Амир Темур салтанатининг марказига асос бўлган воҳа – қадимий Суғд мулкида яшаган халққа эътибор берайлик. Суғд мулкини араблар томонидан босиб олиш воқеаларини баён қилган муаррих ат-Табарий, Суғд ҳокимлари ва лашкарбошилари турклар эди, деб маълумот беради. Қадимий Суғд маданият ўчоқларидан бири – Панжакентда топилган суғдий тангачаларга зарб қилинган сўзларни ўрганган тадқиқотчи О.И.Смирнова, суғдликлар турк тилида сўзлашганлар, деган хулосага келади. Олиманинг бу хулосага келишига Суғд тангачаларида зарбланган “жабғу” сўзи бўлиб, бу сўз фонетик ва морфологик тузилишига кўра туркийчадир. “Девонул луғатит-турк”да изоҳланишича, “йабғу”, “йафғу” сўзи “хондан икки даража паст бўлган мансаб ёки мансабдор” маъносини билдиради.

Бу қадимий этник гуруҳлар орасида бохтарликлар (бақтрияликлар) билан суғдийлар жуда юксак маданият эгалари бўлгани кўҳна Юнон, Рум, Эрон, Хитой, Ҳинд ва араб манбаъларидан маълум.

Икки дарё оралиғида яшаган туркий халқларнинг шаклланишига хизмат қилган жараёнга бу ҳудудга мелоддан аввалги III-II асрларда кўчиб келган кушонлар ёки қадимий Хитой манбаъларига кўра “юечжилар”, мелоддан аввалги II асрдан то мелодий IV аср давомида бу ўлкани ҳарбий йўл билан эгаллаган хунлар, мелодий V-VI асрларда эфталитлар (ҳойталийлар) томонидан асос солинди. Уларнинг ҳаммаси туркий гуруҳга мансуб бўлиб, улар тарихда кушонлар ва эфталитлар (ҳойталийлар) давлати деб ном қолдиргани давлатларни ташкил этганлар.

…Биз ҳикоя қилаётган даврга келиб, бир замонлар турлича номлар билан аталган уруғлар замирида  турк  деб аталган (бугун Туркия турклари дебгина тушунмаслик учун туркийлар деб қабул қилинган)  ягона халқ, ягона улус аллақачонлар шаклланиб улгурган эди. Бу халқ шаклланиши қачон тугаган эди, деган сўроққа эса олимлар турлича жавоб беришади. Баъзилар бу жараён мўғул босқини арафасида, яъни XII аср охирига келиб, икки дарё оралиғида бунёд бўлган йирик давлатлар тузилиши билан якунланди деса, баъзилар бу шаклланиш IX-X асрларда – Қорахитой давлати тузилганда, бошқалар XI-XII асрда – Қорахитойлар билан Хоразмшоҳлар ҳукмронлиги оралиғида, айримлар эса XV-XVI асрда тугаган деб кўрсатадилар. Яна баъзилар бу жараён XI-XIV асрлар орасида рўй берган деб таъкидлайдилар. Аммо биз бу жараён XII аср охирида, мўғул босқини арафасида, Хоразмшоҳлар давлати даврида рўй берди деб ҳисоблаймиз. Босқиндан сўнг бу ҳудудда ўрнашган мўғуллар ҳам кўп вақт ўтмай, мана шу шаклланиб улгурган туркийлар таркибига сингиб кетдилар. Зеро, мўғул қўшинининг асосини ҳам туркий уруғлар ташкил этгани учун бу жараёён жуда осон кечади. Шу ўринда мўғул босқинидан сўнг Амир Темурнинг пароканда ўлкани ягона ҳокимиятга бўйсундириши билан боғлиқ фаолияти маҳаллий халқ бирлигини кучайтиришга бирламчи асос бўлганини унутмаслигимиз керак. Бу пайтга келиб давлат ҳужжатларини ягона туркий тилда ёзиш расмий тус олди. Бобур мирзо яшаган даврга келиб, “туркийлар” деганда Амударёнинг жанубий қирғоғи теварагида, икки дарё оралиғида, Дашти Қипчоқнинг жанубида яшовчи маҳаллий аҳолининг асосий қисми англанарди. Бобур мирзо ва бошқа темурийлар шу халққа мансуб эдилар.

Ўша даврдаги ўзбеклар эса мўғуллар босқинидан сўнг Дашти Қипчоқ ва Олтин Ўрдада яшаган туркий уруғларидан иборат бирлашма эди. Уларнинг номини кўпчилик тадқиқотчилар Олтин Ўрда хони Ўзбек (1312-1342) номи билан боғлашади. Бу албатта,ғирт асоссиз бир гапдир.

Хўш,”ўзбек” сўзининг этимологияси,”ўзбек” атамаси қачон ва қандай пайдо бўлган. Бу ҳақда турлича қарашлар мавжуд. Менинг ўйлашимча, бу атама қадимий аждодимиз Ўғизхон номи билан бўғлиқ бўлиб,”Ўғизбек” сўзининг “ўзбек” бўлиб кетган шакли бўлса ажабмас.Нима бўлгандаям,»ўзбек» атамаси жуда қадимий даврларга бориб тақалади.

Милоддан олдинги ХII асрга таалуқли Аш-Шира (Ассирия) битиклари (Ўрта) Осиёнинг бепоён даштларидан бостириб кирган скифлар (искитлар) босқини ҳақида хабар берар экан,бу жанговар кўчманчи қабилалар номини ишгауз,уларнинг бошлиғининг исмини Испак деб маълум қилади.Туркий халқлар тарихи билан жуда яхши таниш бўлган одам “ишгауз” деган ном аслида “ўғиз”  номи билан боғлиқлигини, бу ном «ичўғиз»   эканини тезда пайқайди.
Маълумки,йигирма тўрт уруғдан иборат бу туркий қабила (уюшма) икки йирик гуруҳдан иборат бўлиб,бири “ичўғиз” (ички ўғиз”,иккинчиси “ташўғиз” (ташқи ўғиз) деб номланган.

“Ичўғиз” номининг Ас-Шира битикларидаги “ишгауз” сўзига нақадар ўхшашига эътибор берган бўлсангиз керак. Ўша қадимий битикларидаги Испак сўзига келсак, аш-шираликлар босқинчиларнинг ўзларига бегона,номаълум исмларини бузиб ёзишлари табиий. Аслида эса скифлар бошлиғининг исми Ўғизбек ёки шу исмнинг қисқарган шакли – “Ўзбек” (“Ўзбак”) бўлганига шубҳа йўқ (қолаверса, ён-атрофдаги бошқа халқлар ҳам ўзбекларни “озбак” деб аташини эътиборга олсак, бу фикримиз қатъийлашади). Тарихда бундай бузилишлар жуда кўп учрайди. Аждодларимиз –  саклар, массагетлар ва уларга мансуб қаҳрамонлар номи юнон муаррихлари асарлари орқали бузилиб етиб келган.Бу исмларнинг аслида қандайлигини билмаймиз. Қолаверса, муаррих нотаниш тилда ишлатган исмларнинг баъзан нақадар бузилишини жуда яқин ўтмишимиздан мисол билан исботламоқчиман. Хоразмлик буюк муаррих Баёний русларнинг Хива шаҳрини босиб олиш билан боғлиқ воқеалар баёнида Чор Россияси қўшини бошлиқларининг номларини,жумладан Кулачов,Веруфкин номларини тилга олади. Бу номлар русча бўлиб,аслида Головачёв,Верёвкин бўлган.Худди шу бузилиш оқибатида “Ўзбек” (Ўзбак”)  Аш-Шира битикларида “Испак” бўлиб кетганига аминман.

Бу фаразни иккинчи бўлиб,устоз Асқад Мухтор дастлаб “Тафаккур” журналида қисман “Тундаликлар” сарлавҳаси билан босилган,кейинчалик 2005 йилда нашр этилган “Уйқу қочганда” китобидаги қайдларнинг бирида қуйидагича баён этади:

«Ўзбек халқининг номини Ўзбекхон номи билан боғлашади.» «Ўзбекхон» ўзи қаердан келиб чиққан?

Менимча, бу сўзнинг (демак,халқ номининг ҳам) тарихи жуда узоқ. 721 йилда туркий қабилаларнинг қурултойи бўлган.Шунда Билга ҳоқон ўз нутқини бундай сўзлар билан бошлайди:» Эй,турк ўғиз беклари!» «Ўғиз» у вақтда «қабила» маъносида ишлатилган. Демак,»Ўғиз беги» — қабила бошлиғи деган сўз. Ўғиз беклари замонида элнинг анча имтиёзли бир қатлами бўлган.Ўзбеклар туркийларнинг ана шу қатламига мансуб табақадан келиб чиққан,деган фаразим бор.»

Учинчи бўлиб, бу фаразни таниқли тарихчи олим, архитектура фанлари доктори, Шарқ мамлакатлари Халқаро архитектура Академиясининг ҳақиқий аъзоси  Пўлат Зоҳидов дастлаб «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2002 йил 9-сонида босилган «Кун туғардин кун ботарға сўзи етган зот» мақоласида учини чиқарган бўлса, кейинчалик «Тафаккур» журналининг 2008 йил 1-сонида босилган «Рабғузий саодати» мақоласида аниқ баён этади:

«Ўзбек этногенези каби «ўзбек» этноними замирида ҳам «ўғуз» сўзи ётган бўлиши ҳақиқатга кўпроқ мос келади. Бу фаразни шу билан ҳам далиллаш мумкинки, Византия солномаларида кунчиқар томондан қуюндек босиб борган туркий ўғузлар номи қисқартирилиб «ғуз», «уз» тарзида кайд этилган. Яъни, «уз» — «ўғуз» сўзининг шунчаки ихчамлашган шакли, холос. Бу калом яна бир соф туркий Сўз — «бек» билан қўшилиб, янги — «ўзбек» атамасини ҳосил қилган (Мақолани тўлиқ ҳолда мана бу саҳифада ўқинг)».

Тўртинчи бўлиб бу фараз хусусида таниқли адиб Тоҳир Малик ўз веб-саҳифасида қуйидагича мулоҳаза билдиради:

“Ўзбек” атамаси ҳақида турли фикрлар мавжуд. Тарихчи олимларимиз таъбирича: «ўзбек” – ўзига ўзи бек” дегани. Яна бошқа таъбирда ўзбек тарихини Ўзбекхондан бошлашади. Бу икки фикрда ҳам мантиқий асос йўқ. Аввало, ер юзида яшаётган каттами-кичикми ҳар бир халқ ўзига ўзи бек,бошқага тобе бўлишни истамайди.Иккинчидан,агар тарих Ўзбекхондан бошланса,бу хонга “Ўзбек” деб ким исм берган? Бу исм осмондан олинмагандир. Демак,бу ном,бу атама аввал ҳам бўлган.

Мен тарихчи эмасман, олимликка ҳам даъвоим йўқ. Бироқ, бу хусусда қатъий фикримга эгаман. “Қирғиз” – қир ўғузи,”Гагауз” – кўк ўғуз демакдир. Туркий халқларнинг бобоси Ўғузхон бўлганлар. Бу ҳақда қадим тарих китобларида етарли маълумотлар бор. Айни Ўғузхон даврларида қавмларга (оилаларга) ном берилган: уйғур,қорлиқ,қибчоқ,қанғли…(бу тарихга қизиққанлар Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асаридан баҳраманд бўлсалар дуруст).  Бизнингча «ўзбек” – Ўғуз беги демакдир. Яъни Ўғузхон саройига яқин оила шундай аталган. Бу ҳол Европада ҳам бўлган. Масалан, Россияда “дворянин” деган табақа бўлган,яъни “прилиженниый к царственному двору” – подшо саройига яқин бўлган киши. Яна Европада лорд,герсог,барон… каби табақалар борки, барчаси ҳукмдорга қанчалик яқинликни ажратиб туради. Ўғуз беклари ҳам саройга шундай яқин бўлганлар.

Тарихчи олимларимиз ўзларининг Якубовский, Бартолт,Бертелс каби устозларининг айтганларини маҳкам ушлаб олмасдан асл манбаъларни ўрганиб,таҳлил қилиб фикр юрутсалар дуруст бўларди. Бизнинг тарихимизни ўрганиб, китоб ёзганлари учун у зотлардан миннатдормиз. Бироқ бу борада бир ҳақиқат мавжуд: бир миллат тарихини ўрганиб баҳо бераётган бошқа миллат вакилининг баён этилган фикрида албатта ўз миллати манфаати ётади. Ана шу манфаат холислик йўлини тўсади.»

* * *

Шунингдек, “ўзбек” сўзи этимологиясининг ўғуз сўзи билан боғлиқлиги хусусида тарихчи олимлар Н.Норқулов ва Ў. Жўраевлар саккизинчи синфларнинг «Ўзбекистон тарихи» дарслигида айтиб ўтган нуқтаи назари ҳам мавжуд.

* * *

Юқоридаги келтирилган “ўзбек” атамасининг келиб чиқиши билан боғлиқ бир фаразнинг бир неча шахс томонидан бир хил асосга таяниб билдирилиши бежиз бўлмаса керак. Менимча, бунда аниқ бир тарихий ҳақиқат намоён бўлмоқда.

Кейинги ёзувларимизда бу хусусдаги фикрларимизни давом эттириш нияти билан ҳозирча нуқта қўяман.

Хуршид Даврон
2012 йил 23 март

Xurshid Davron. «O’zbek» atamasi (etnonimi)ning kelib chiqishi bilan bog’liq bir faraz haqida