Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний. Васиятнома (Хожа Авлиёи Кабирга қилган насиҳатлари)

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

(Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан)

Оламларнинг Рабби бўлган Аллоҳга ҳамдлар, унинг Расули Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ва аҳли байтларининг барчасига салоту саломлар бўлсин.

Агар солик киши (тариқат йўлчиси) ушбу нозик сўзлар билан мавсуф (сифатланган) бўлса, маърифат чашмасидан унинг жон қадаҳига томизадилар ва у абадул­абад Ҳақнинг маст (ошиғи) бўлади.

Эй фарзандим! Мен сенга тақвони шиор қилиб олишингни васият қиламан. Ибодат вазифаларни ўзингга лозим тут ва доим Аллоҳдан қўрқувчи бўл. Худо ва расулнинг ҳақларини ҳамда ота­онанг ҳақларини адо эт. Ва барча машойихлар ҳурматларини сақла. Бу хислатлар билан Аллоҳнинг ризосига мушарраф бўласан. Худои таолонинг буйруқларини бажар, токи Ҳақ таоло сени муҳофаза қилсин ва ёрдамчинг бўлсин. Ва Қуръонни хоҳ ёддан хоҳ Мусҳафдан бўлсин, ўқишни канда қилмагин. Ва Қуръонни тадаббур, тафаккур, қўрқув ва йиғи билан ўқигин. Ҳар кору ҳолда Қуръонга амал қилгинки, Худои таолонинг ҳужжати Қуръондир.

Ва яна илм талаб қилишдан оёқларингни канда қилма. Фиқҳ ва ҳадис илмини ўрган. Ва жоҳил сўфийлардан йироқ бўл. Ва уларнинг авомидан ҳам узоқ бўлгинки, улар дин ўғрилари ва мусулмонлар (дини)нинг қароқчиларидир. Ва суннатни ўзингга лозим тут. Ўтган салаф имомларнинг мазҳабида бўл. Ёшлар, аёллар, бидъат аҳли ва бойлар билан суҳбат қилмагинки, улар динингга рахна соладилар. Дунёнинг жафоларига рози бўл (чунки дунёни бошқарувчиси Аллоҳдир). Ёмон одамлар суҳбатидан ва олчоқ йўқсиллар дан эҳтиёт бўл. Ўзингга хилватни лозим тут.

Ҳалол егинки, у яхшиликларнинг калитидир. Ҳаромдан йироқ бўлгин, токи қиёматда дўзах (ўти) куйдирмасин. Ҳалол кийгинки, тоатдан ҳаловат топгайсан. Доимо Ҳақнинг азаматидан қўрқувда бўл. Унутмагинки, бир кун келиб (қиёматда) ҳисоб майдонида турасан…

Кечаю кундуз кўп намоз ўқи. Жамоатни тарк қилма. (То илму маърифат ҳосил қилмагунча) имом ва муаззин бўлма. Васиқаларда (махсус ҳужжатларда) номингни ёздирма! Қозилар маҳкамасида ва султонлар билан ўтирма. Одамларнинг васиятларидан йироқ бўл. (Уларнинг ишига товон бўлма.) Баъзи одамлардан шердан қочгандек қоч. Одамлар кўзига кўп ҳам ташланма, (гумном бўл, шуҳратпараст бўлма) токи, динингни барбод бермагин.

Сафар қилгин, токи нафсинг хор бўлсин. Машойихлар қалбини ранжитма. Хо нақоҳ қилма ва хонақоҳда (шайхлик қилиб) ўтирма. Сени мақтасалар мағрур бўлма. Одамларнинг мақтов ва танқидлари сен учун аҳамиятсиз бўлсин. Одамлар мазаммат қилса, ғамгин бўлма. Одамларга яхши хулқ билан муомала қил. Ҳар қандай ҳолатда яхшига ҳам, ёмонга ҳам ва барча одамларга марҳаматли бўл. Кўп кулмагинки, кулги ғафлатдандир ва кўнгилни ўлдиради. Мустафо (алайҳиссалом) буюрадиларки,

“Мен билганимни агар сизлар билганингизда эди, кам кулиб, кўп йиғлардинглар”. Ҳақ таоло ва тақаддаснинг хавфидан эмин бўлма. Унинг раҳ­матидан ноумид бўлма. Хавфу ражо (қўрқув ва умид) орасида яшагинки, соликларнинг йўли бу икки мақомдан иборат: гоҳ хавф, гоҳ ражо.

Эй фарзандим, шайх (пир) муридларига ота ўрнидадир. Балки ундан шафқатлироқдурки, у қурбат (Аллоҳга яқинлик) мақомига етказади. (Уйланишга тайёр бўлмасанг) уйланмай тургинки, дунёни талаб қилиб қоласан. Дунё топсанг – дининг кетади. Агар нафсинг хотин тилаб қолса, доимо мужоҳада ( унга қарши тадбир, жидду жаҳд)да бўлгин. Доимо охират ёдида бўл ва ўлимни кўп эсла. Раислик ва мансаб истамагинки, кимки мансабдорликни яхши кўрса, уни солик (тариқат йўлчиси) деб айтмайдилар. Доимо рўзадор бўлгин. Чунки рўза доим нафснинг бошини янчади. Фақирликда (ҳам) покиза бўл ва тақводор бўл. Ва дунё ташвишларидан узоқ бўл. Диёнатли ва вараъ (парҳезкор) аҳлидан бўл. Фақиҳ ва олим бўл. Имконинг борича жо ҳил сўфийлардан узоқ бўлгинки, Қуръони ма жиднинг ҳукми шудир:

“…ва жоҳиллардан юз ўгиринг” (Аъроф сураси, 199-оят).

Машойихларга танинг билан ҳам, молинг билан ҳам хизмат қил. Қалбларини ранжитмагин. Уларга иқтидо (пайравлик) қил. Уларнинг сайру сулугини ушлагин. Машойихлардан кўрган­билганларингни инкор қилма. (улардан кўрган­билганларинг) фақат шариатга хилоф бўлсаги на, қабул қилма. Агар машойихларни инкор қилсанг, асло нажот топмайсан.

Одамлардан ҳеч нарса сўрама. Эртанги кун учун захира қилмагинки, янги кунда янги ризқ етар. Ризқингни Ҳақнинг кафолатида деб билкинки, Ҳақ таоло айтади: “Эй одам фарзанди, мен ҳар кун сизларнинг ризқларингизни етказаман. Ўзларингизни заҳматга солманглар”.

Соликлар айтибдурларки,

Шеър:

Ҳарчанд бигаштим багирди олам,

Не умр зиёда асту не рўзий кам.

Таржимаси:

Олам атрофида ҳар қадар кезиб юрдик,

Ризқу умримиз ҳеч ўзгармади, кўрдик…

Таваккул мақомига қадам боски, Ҳақ таоло буюради:

“Ким Аллоҳга таваккул қилса, бас, Аллоҳнинг ўзи унга кифоя қилур”(Талоқ сураси, 3-оят).

Серҳиммат бўл. Азиз ва Жалил бўлган Худо сенга нима берган бўлса, (ризқ қилиб берганларидан) халққа эҳсон қил. Бахиллик ва ҳасаддан йироқ бўлки, бахил ва ҳасадчи қиёматда дўзахда бўлади. Зоҳирингни ораста қилмагинки, ботининг хароб бўлади. Ҳақ таолонинг ваъдасига суянгин ва жумла халқдан умидингни уз. Улар билан улфат бўлма. Ҳақгўй бўл ва қўрқоқ бўлма ва махлуқотдан номуносиб бирор киши билан суҳбатда бўлмагинки, Ҳақ таолодан йироқлашасан ва ажраб қоласан. Ўз нафсинг билан машғул бўл, токи уни ислоҳ қилгайсан. Сен ўзингни сақлайдиган (эҳтиёт бўладиган) нарсалардан тилингни тий ва доимо халққа насиҳат қил. Ва таому суюқликларни кам е. Кам гапир. Асло ҳеч кимдан бирор нарса тиламагинки, ейиш­ ичишга муҳтож (фақир) бўлиб қоласан. Фақат зарурат бўлгандагина гапир.

Уйқу ғалаба қилгандагина бирор соат ухлаб ол. Кечқурун кўп намоз ўқигинки, Пайғамбар (алайҳиссалом) шундай буюрганлар:

“(Ораларингда) саломни кўпайтиринглар ва (эҳсонлар қилиб одамларга) таом едиринглар ва одамлар уйқуда бўлган тунда намоз ўқинглар”. (давоми бор)

Самоъда (рақсли жаҳрий зикр бўладиган давраларда) кўп ўтирмагинки, вақти келиб нифоқ пайдо бўлади. Самоънинг кўпи қалбни ўлдиради. Самоъни инкор қилмагинки, самоъ аҳли ҳам кўпдир. Қалби тирик бўлмаган кишига самоъ раво эмас. (Самоъ қилувчининг) нафси ўлган бўлиши керак. Агар шундай бўлмаса, унга самоъ ҳалол ва мубоҳ эмас. Рўза ва намозга машғул бўлмоқлик яхшироқдир. Қалбинг ғамгин, баданинг бемор каби, амалинг холис, вирдинг мужоҳада ва чопонинг эски (камтарона ва озода) бўлсин. Дўстларинг дарвешлар (тариқат аҳллари) бўлсин. Уйинг масжид (ибодатгоҳ)га айлансин. Молинг бир луқма таоминг, зийнатинг зуҳд ва мунисинг Худои таоло бўлсин.

Бировда беш хислат кўрмагунингча, уни юракдан (самимий) қабул қилма: биринчиси, фақирликни бойликдан афзал билсин. Иккинчиси, илмни жаҳолатдан афзал билсин. Учинчиси, хорликни иззатдан афзал билсин. Тўртинчиси, ошкор ва пинҳон амаллардан воқиф бўлсин. Бешинчиси, ўлимга тайёр турсин.

Яна айтдилар. Эй менинг ўғилчам! Дунё сени алдаб қўймасин (унга боғланиб, маҳлиё бўлиб қолма). Дунёдан кетишга тайёр тур (ўлимга ҳозир бўл). Қалбинг синиқ бўлсин. Ҳақ таоло хавфидан қўрқиб, шикастадил бўлгин. Бу борада Мустафо (алайҳиссалом) ушбу ҳадиси қудсийни айтдилар:

Яъни, “Мен кўнгиллари синиқ ва қабрлари хароб бўлганларнинг ёнидаман (улар билан биргаман)”. Агар шу айтилганларга амал қилсанг, кўп иззат-­ҳурмат кўрасан. Дунёда ҳақир бўл ва бир ғариб каби яшагин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрадилар:

яъни, “Дунёда гўё бир ғарибдек, ёки бир йўловчидек яша ва ўзингни қабр аҳлидан деб ҳисобла”. 

Агар дунёдан пок ва холис кетсанг, қиёматда ҳам пок ва холис тириласан”. Чунончи, Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) буюрдилар:

Яъни, “Қандай яшасанглар, шундай ўласизлар ва қандай ўлсангизлар, шундай тириласизлар”. Илоҳий тариқат майдони мардлари ҳурматидан бу рисола ўқувчиларига амал тавфиқини насиб айла!

Эй раҳмлиларнинг раҳмлиси! Раҳматингга сазовор қил! Ҳазрати Пайғамбаримизга, хонадон аҳлларига ва барча издошларига салоту саломларимизни йўллаймиз! Тўғри йўлдан юрганларга салом бўлсин.

 

Ушбу рисолани фақир ул-ҳақир Рамзий ибн Маст Али Кобулий кўчирди.

Форс тилидан Сайфиддин Сайфуллоҳ таржимаси.