ТАСАВВУФ ВА ҲАЁТ (2-қисм)

Муаллифдан:Ассалому алайкум азизлар! Энди ҳукмингизга камина таржима қилган Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон ҳазратларининг “Тасаввуф ва ҳаёт” деган суҳбатларини ҳавола қиламан. Суҳбатнинг бутун руҳини, мазмунини сақлаган ҳолда бироз ёзма шаклга айлантирганман. Рости бундан 17 йил олдин қандай таржима қилган бўлсам шу ҳолда эълон қилаяпман. Озроқ силлиқласам бўларди. Аммо вақтим ҳам шу кунларда тиғиз. Кучли чарчоғим ҳам бор. Дуо қилиб қўйинглар, вассалом! 

Сайфиддин Рафиддинов

 

 

Маълумки, тасаввуф узоқ тарихдан бери, узоқ асрлардан бери яшаб келаяпти. Кўп халқлар, миллатларда илдиз отган. Аммо бизнинг тасаввуфимиз, биз назарда тутган тасаввуф ўзига хос таълимот, фарқли таълимот… Мен ана шунга урғу бермоқ истайман.

Тасаввуф ҳозир ҳам яшаяпти. Тарихга, музейдаги ашёларга айлангани йўқ. Унга бугунги кунимизда ҳам қизиқиш, интилиш яққол сезилади.

Қаранг, Мавлоно Жалолиддин Румийнинг хотирасини нишонлашга инглиз, франсуз, америкалик ва бошқа миллат вакиллари ҳам келади. Қарабсизки, у ҳам мавлавий тариқатини қабул қилибди, кулоҳ кийибди… Бу каби ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин. Чунки тасаввуф кўнгилга таскин беради, руҳий бир эҳтиёжни қондиради… У эҳтиёжни туйган, ҳис қилган киши бу жамоага аъзо бўлади, бошқа чораси йўқ…

Бизнинг тасаввуфимиз у бошқа ҳар қандай фалсафа ва тасаввуфлардан кескин фарқ қилишини, чунки манбалари, илдизлари фарқ қилишини юқорида ҳам айтиб ўтдик. Бу ерда мақсад, масалага енгил-елпи қараш, оддийгина «фарқи бор» деб айтиб ўтиш эмас, балки тасаввуфимизнинг хос йўл ва ҳақ йўл эканлигини таъкидлашдир…

Зеро бизнинг ислом тасаввуфимиз асосий ўлчовларини, мезон ва асосларини Қуръондан ва Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в) ҳаётларидан олади, яъни суннатга таянади, ҳадисларга таянади. Бу айтилганларга риоя қилмаган, амал қилмаган, эргашмаганлар танқидга учрайди, рад қилинади, қабул этилмайди, эътирозга учрайди, суриб ташланади…

Шу жиҳатдан тасаввуф – Қуръони Каримга, Ҳадиси шарифга, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг сўзлари ва ҳаракатлари, ҳаёт кечиришларига суянган, бош ғояси ва асосий манбасини шулардан олган бир таълимотдир.

Ислом дини ўз моҳият ва эътибори билан бошқа динлардан фарқ қилгани учун, ислом тасаввуфи ҳам асосий эътибори билан бошқа диний тасаввуфлардан, фалсафалардан кескин фарқ қилади…

Ислом динида асосий масала Аллоҳнинг борлиги ва бирлигидир. Ваҳдоният, яъни Аллоҳнинг бирлиги масаласи ислом динини, бошқа илоҳий динлардан, башарий-инсоний динлардан ажратиб турадиган бош ғоядир… Ислом дини, илоҳий манбага эга бўлган бошқа илоҳий динларни тасдиқлайдиган бир диндир. Агар ислом дини келмаганда эди, олимлар бошқа динлар ҳақида шубҳа ва гумон қилишлари мумкин эди. Аммо ислом у динларни тасдиқлайди… Балки европаликлар бизнинг ҳазрати Ийсо, ҳазрати Мусо алайҳиссаломларни севганимизни, ҳатто болаларимизга Ийсо, Мусо, Иброҳим, Исҳоқ, Яъқуб, Аййуб каби уларнинг исмларини қўйганимизни, уларнинг китобларида номи қайд этилган шахсларга муҳаббат ва ҳурмат кўрсатганимизни билганларида ҳайрон қолишади…

Қуръони Карим бутун илоҳий китобларнинг ичидаги маъноларни қамраб олганлигини таъкидлайди. Ҳазрати Иброҳим алайҳиссаломнинг, Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг, ҳазрати Ийсо алайҳиссаломнинг умматларига айтган сўз-насиҳатларидан хабардор қилади.

Албатта, исломнинг энг муҳим хусусиятларидан бири, қўшиб-чатилмаган, соғлом, бузилмаган, айнимаган мантиқли маълумотларга таяниш, уларни далил ўлароқ қабул қилишдир. Исломнинг аслида мавжуд… Бирор-бир ўзгаришларга учрамасдан бизларга етиб келган. Аммо собиқ илоҳий динларда бундай эмас… Апокриф-ишонилмаган, сохта ривоятлар бор. Ишонарли манбалар кам ва «Асосий моҳият нимадир?», – деб гумонсираш бор… Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳақидаги башоратни хаспўшлаш бор. Муҳим томони шундаки, барча қадимий динларда: «Келажакда Аллоҳнинг шундай бир севгили қули келади…» – деган маълумотлар учрайди. Ҳатто Турфон қазилмаларида топилган матнларда ҳам, буддизмга оид матнларда ҳам, бир халоскор – Маҳдий ё Масиҳ кабининг келажагига доир хабарларни учратамиз.

Қуръони Карим: «Таврот ва Инжилда Ҳазрати Муҳаммад алайҳиссаломнинг, Аҳмади Мурсалнинг зикр этилганлиги» ҳақида хабар беради…

Ҳақиқатан, жуда кўп поп ва яҳудий олимлари бу мавзуда Қуръони Шариф таъкидлагани каби: «Ҳа, худди шундай, Муҳаммад алайҳиссаломнинг хабари берилган», – деб мусулмон бўлганлар.

Масалан, Абдуллоҳ ибн Салом Ҳазрати Пайғамбар замонидаги яҳудий руҳонийларидан бўлган. У пайғамбаримизни тасдиқлаб: «Ҳа, Сен ҳақлисан, Тавротда мужда берилган, зотан биз худди шундай бир пайғамбарни кутаётган эдик», – деб мусулмон бўлган. Абдуллоҳ ат-Таржумон дегани бор. У ҳам Тунисга бориб мусулмон бўлган ва «Туҳфатул эриб фи радди ало аҳлис салиб» («Христианликка раддия») номли китоб ёзган.

Тағин мусулмон бўлган машҳур кишилардан бири Туркия матбаачилигига асос солган Иброҳими Мутафарриқадир. Асли Руминиянинг Қўлужвор шаҳрида ўсган бир поп бўлган. У: «Кутубхонадаги қадимий илоҳий китобларни ўқидим ва шу ерда Қурьони Каримнинг ҳақ эканлигини кўрсатадиган далилларни кўрганим учун мусулмон бўлдим», – деб айтади. Кўп закий ва донишманд бир инсон бўлган. Унинг «Рисолаи исломия» асари ўзининг нима сабабдан мусулмон бўлганлигини англатадиган бир манбадир. Мен у асарни тадқиқ этдим ва нашр қилдирдим.

Сўнгра яқин ўтмишда — XIX аср бошларида исломни қабул қилган бир руҳоний ўтган. Истанбулда яшаган. Аввалги номи Абдулмасиҳ бўлиб, кейинчалик Абдулаҳад Довуд исмини олган. У ёзган китобида буни аниқ, равшан қилиб айтиб қўйган. Ўзи иброний, сурёний, арманий, инглиз, франсуз, лотин, араб, форс, турк тилларини яхши билган. Икки марта докторлик диссертациясини ҳимоя қилган. Эронда профессор бўлган. Кўп шукр, ундан кейин мусулмон бўлибди. Бизга заҳмат бермабди. Биз уларни тадқиқ этайлик-да, бир нарсалар ёзайлик. У ҳақида гап борса «Бу зотан мусулмон эди. Мусулмонликни қўриқлаш, қўллаб-қувватлаш учун тарафкашлик қилиб асарлар ёзган», – дейдилар. Бироқ, бу сўзларни ўзи насроний бўлган, поп кишининг айтиши, янада аҳамиятли, таъсирли бўлади…

«Инжил» хушхабар демакдир» дейдилар. «Эвангелос» – «мужда» демакдир. Ниманинг муждаси? Ҳазрати Исо алайҳиссалом ўзидан кейин чиқувчи Ҳазрати Муҳаммад (с.а.в)нинг дунёга келиши, пайғамбар бўлиши ҳақида мужда берган, суҳбатлар қурган, ваъз қилган. Шунинг учун ҳам муждадир. «Бир пайғамбар чиқади маъносида…» деб шарҳлайдилар…

Мана шу сабаблардан асримизда ҳам бутун инсониятга маъқул бўлаётган ва жуда кўп кишиларнинг ишончига, меҳр қўйишига, мусулмон бўлишига сабаб бўлган ислом дини – бизнинг тасаввуфимиз манбасидир, асосидир… Ишонч-эътиқод жиҳатидан соғлом ақл ва мантиққа уйғундир…

Қисқаси, ислом тасаввуфи нимадир?.. Дейлик, бир инсон Қуръон ўқийди, ҳадиси шарифларни мутолаа қилади, ибодат қилади (зотан бундайлар кўп). Мутасаввиф бўлганларнинг улардан нима фарқи бор? Буларнинг улардан бир фарқи бор. Инсон ўз-ўзича Қуръони Карим ўргана олади, ибодатини қила олади, обид ва зоҳид бўла олиши мумкин. Ҳазрати пайғамбаримизнинг тавсияларига муносиб ҳаракат қила олади. Мутасаввиф бундай яшаган кишидан бироз бошқачароқ манзара намоён этади. Мен шу соҳанинг мутахассиси ўлароқ айтаманки, айнан мана шу «фарқ» хусусида менга жуда кўп саволлар берадилар.

Исломий мавзулар, эътиқод ва ақидага доир айрим ёшлар ҳис этган эътирозларини бизга сўзлаб берадилар. Баъзилари мен «радикал» мусулмонман, мен «салафий мусулмонман» дейди. Яъни узоқ асрлардан бери бизга етиб келган суннати санийяга мувофиқ тартибларни, йиғилган тажрибаларни бекор қилиб, ўчириб ташлаб, кулини кўкка совуриб, «Мен фақат Қуръони Каримни қабул қиламан» деб туриб олади. Мана шундай бир инсон билан бир мутасаввиф орасида фарқ борми?

Мутасаввиф мактабига кўра фарқ бор… Лекин шариатга боғланган бундай бир киши билан мутасаввифнинг борадиган нуқтаси орасида фарқ йўқдир. Мен тасаввуфга зид бўлган кишиларга кўпинча шундай дейман: «Жуда яхши, бўпти, сиз Қуръони Каримга тобе бўлинг, Қуръони Каримга жоним тасаддуқ. Мен сизни юрак-юракдан қувватлайман. Бироқ тулкининг айланиб-ўргилиб борадиган жойи кўнчи, чармгарнинг дўкони бўлгани каби, нима бўлса ҳам, истар-истамас бу ерга келасиз. Чунки бу ер – Аҳмад Яссавий, Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Баҳоваддин Нақшбанд каби ҳазратларнинг ва бошқа бир қатор авлиёуллоҳларнинг макони… Бу таълимотнинг илдизи Фахри коинот Расули акрам (с.а.в.)га бориб тақалади… Ҳа, бу жамоат, бу таълимотнинг йўлларини инкор қила олмассиз… Зотан тасаввуфнинг асослари Қуръони Каримдандир» деб таъкидлайман…

Хўш, мутасаввиф ҳаётининг у бошқа мусулмонлар ҳаётидан ажралиб турадиган фарқи нимада? Шу ҳақда бироз тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Диний китобларнинг бир қисми «формал»дир, шаклийдир. Яъни, ибодатнинг формал шакли… Намозни қандай ўқийсиз, рўзани қандай тутасиз, закотни қай тартибда берасиз, не миқдор берасиз? Меросни қандай тақсим қиласиз? Қачон, қанчаси унга етади, қанчаси бунга етади? Булар ибодатнинг зоҳирий шаклидир, диннинг зоҳирий кўринишидир. Бундан ташқари ибодатнинг, диний аҳкомларнинг ботиний, ич кўриниши бор…

Яъни, олманинг бир ташқи кўриниши, бир ички кўриниши бор. Олманинг ташқариси – кўриниши қип-қизил бўлиб, ичи чирик бўлиши мумкин. Ичи бошқа, ташқариси бошқа бўлиши мумкин. Идишнинг ўзи жуда чиройли бўлиб, унинг ичидаги нарса ниҳоятда хунук бўлиши мумкин.

Тасаввуф ичга, ботинга аҳамият беради, ичнинг гўзал, сифатли бўлишини таъминлашга ҳаракат қилади…

Мен бир зиёфатда стол устида бир олхўрини кўрдим. Унга ҳеч қўл узатишни истамасдим… Бу зиёфат рамазон ойи Эренкўйдаги бир боғда ташкиллаштирилган эди. Ўртада дабдабали, ноз-неъматга тўла бир стол. Столнинг устидаги неъматлардан кўнглим тусаб олгим келса ҳам, бир бурчакда турган олхўридан сира олгим келмасди. Чунки кўриниши ёнғоқ каби яшилранг, хунук эди. Аммо унга ачиндим… Столдаги неъматларнинг кўпидан тотиб кўрдим. Шу бечора олхўрини ҳам «мазасини бир кўрай», – деб уни олиб бир тишлаган эдим, ажабо, ичи шафтоли каби қип-қизил, дилтортар. Таъми эса шакардек ширин, кутилмаганда лаззатли. Бу олхўри менга дарвишни хотирлатти… Ташқи кўриниши хунук бўлса ҳам, ичи жуда гўзал…

Мана, тасаввуф нарсанинг ичига боқади, ташқи шаклига боқмайди.

Тўн қирқ жойидан ямоғлиқ бўлса ҳам, унинг ичида буюк бир файласуф, улуғ бир ҳоким, жуда гўзал, хушахлоқ бир киши бўлиши мумкин…

Тасаввуф диннинг моҳиятига, ботинига қарайди. Қалбга қарайди. Ҳатто олимлардан бири «фиқҳи зоҳир» борлигини айтган. Яъни, ташқи томон билан боғлиқ фиқҳдир. Маълумки, диннинг аҳкомларини тадқиқ этган, у бундай бўлиши керак, бу бундай бўлади, дея ҳукмлар чиқарган илмни «илми фиқҳ» деймиз.

Тасаввуф эса «фиқҳи ботин»дир. Яъни қалбнинг, кўнгилнинг фиқҳидир. Бундай ажратишингиз ҳам мумкин: бири ақлнинг фиқҳи, ақлга кўра ҳукмларни, иккинчиси туйғуларга кўра, қалбга кўра ҳукмларни ўрганади… Ташқи кўриниши эътибори билан, шаклий ўлароқ бир нарса гўзал кўриниши мумкин. Аммо ич томондан хунук бўлиши мумкин. Бири сизга жуда ҳурмат кўрсатаётган каби олдингизда қўл қовуштириб, табассум этиб турар, аммо бурилганингиз заҳоти сизга панд берадиган ёки ханжар суқадиган аёвсиз душманингиз бўлиши мумкин. Демакки, ташқариси гўзал, аммо ичи ниҳоятда хунук…

Тасаввуф ич гўзаллигига, ботинга аҳамият берадиган бир илм дедик, бироқ бу ич гўзаллиги дунёвий бир ич гўзаллиги эмас… Холис Аллоҳ ризоси учун ўзини ҳар томондан поклаган бир ич гўзаллигидир…

Яъни, эътиқодга таянмаган позитивист ёки қайсидир файласуф таъкидлаганидек, Суқротнинг дунёвий ахлоқлари ёки махсус реклама ва эълон қилинадиган, бизга ёт бўлган ахлоқлар эмас… Кимларнингдир Аллоҳга ишонмасликка ва Аллоҳга ҳисоб бермасликка йўналган, ўзларича самимиятли деб аталган ахлоқлари эмас…

Дарвоқе, баъзилар мендан: «Ҳазратим, Суқрот дунёвий инсон эмиш, ундаймиш, бундаймиш»,– деб сўрайдилар. Албатта, Суқрот ҳақида айтилган гапларнинг кўпи нисбий. Чунки қадимги юнонликлардан бизгача кам маълумотлар етиб келган. Шунинг учун Суқрот шахси ва ахлоқини чуқур билмаймиз. Аммо Суқротдан: «Сен ёшларни нега чалғитасан? Нега бошқа йўлга тортасан? Нега бизнинг Тангриларимиздан юз ўгиришга чақирасан? Нега буларни ҳақиқий йўлдан чиқаришга ҳаракат қиласан?… Ким сенга шундай йўл кўрсатаяпти?»– деб сўраганларида, у: «Ҳа, менга илоҳий илҳом келади?»– деб жавоб берган экан.

Шуни ҳам айтиш керакки, Суқрот ҳақида айтилган сўзлар ҳам, танқидлар ҳам қизиқ. Туркиялик бир ёзувчи ўзича унинг дунёвий ахлоқининг манбасини кўрсатган. Динсизлиги ҳақида ҳам асоссиз гаплар айтган… Ким билади, Суқрот балки бир диндор, балки бир ҳақпараст… Юнонликларни кўп тангриларидан: шароб тангрисидан, ишқ тангрисидан, уруш тангрисидан, севги тангрисидан ва бошқа тангрилардан қайтариб, яккахудоликка даъват этган бир инсондир…

Тасаввуфнинг бош масаласи – Аллоҳга ишониш, Аллоҳни таниш, излаш, Аллоҳ розилигини топишдир… Буни ўз таъбирларича «маърифатуллоҳ», «ирфон» дейдилар. Ирфон эгасини «ориф» дерлар, «орифун биллоҳ» дерлар, яъни Аллоҳни таниган, Аллоҳга етган бир киши…

«Эран» ҳам дейдилар. Эран — эрмак (етмоқ, эришмоқ) сўзидан олинган бўлиши ҳам мумкин. Эран сўзининг этимологияси (келиб чиқиши) ҳақида менинг бир фаразим бор. Форс тилида «он» қўшимчаси баъзи сўзлар охирига қўшилганда, ўша сўзнинг кўплик шакли ясалади. Масалан, мард киши, одам дегани. «Он» қўшилиб, «мардон» бўлганда – кишилар, одамлар деган маънони билдиради. «Зан» – хотин, аёл дегани. Занон бўлганда – хотинлар, аёллар, дўст – дўст, дўстон – дўстлар деган маъноларни англатади.

Ошиқпошозода Румга, яъни Анадўлига келган дастлабки даъватчи мусулмонлар гуруҳини синфларга ажратади. Анадўлида ғазотга, ислом йўлида жиҳод қилган кишиларни «Ғозиёни Рум» деб, Анадўлида динни тарғиб қилган ва исломий ҳаракатлар олиб борган диндор хотинларни «Божиёни Рум» деб атайди. Яна «Абдолони Рум» деган сўзни ишлатади. Абдол – бадал сўзининг кўплик шакли. Бадал – эваз қилиш, ўрнига – ўрин тайинлаш ёки бирор нарсанинг ўрнига бошқа бир нарсани бериш, алмаштириш каби маъноларни билдиради. «Ғозиёни Рум» деганда Анадўлидаги уч, етти ё қирқ кишидан иборат бўлган авлиё тоифалари назарда тутилган…Улардан бири вафот этса, ҳисоб тўғри бўлиш учун дарҳол ўрнига бошқа бир киши тайинланган. Ўрнига ўрин бадал бўлгани учун ҳам «абдоллар» деб аталган. Мана шунинг учун ҳам «эран» эрмак (етмоқ, эришмоқ) сўзидан олинган эмас, балки туркча «эр» ва форсча кўплик қўшимчаси «он» бирикмасидан таркиб топган, бўлиши мумкин.

Демак, эран-эр кишилар дегани… Арабчадаги «рижолуллоҳ» (Аллоҳнинг мардлари, Аллоҳ аҳли) менга «эрон» калимасининг туркчасидек туюлади. Бу сўзларни адабиётчи бўлганим учун ҳам бу орада қистириб ўтдим.

Чунки, бир ҳадиси шарифда бундай дейилади: «Сиздан бирингиз туянгизга миниб, чўлда саёҳат қилаяпсиз. Эҳтиёж туфайли туядан тушдингиз. Боғлайдиган бир жой, бир дарахт йўқ. Қумлар ўртасидасиз. Сиз намоз ўқиш учун туядан тушганингизда, туя ҳуркиб қочди. Энди бу чексиз, поёнсиз чўлдан туяни тутолмайсиз, ўлишингиз, ҳалок бўлишингиз мумкин. Чунки сув мешлари, озиқ-овқатлар туяда. Албатта туяни ушлашингиз керак. Аммо туя қочиб кетган. Қувласангиз ҳам етолмайсиз. Зотан қумда юришнинг ўзи бўлмайди. Судралиб, ҳансираб, вазмин юришнинг ўзи одамни жуда чарчатади. Ана шу вазиятда Аллоҳга таваккул қилиб айтингки: «Ё рижолаллоҳ, аиннуни», Эй Аллоҳнинг эрлари, кишилари, мардлари менга ёрдам қилинг! «Ё рижолаллоҳ, ағисуни» – Эй Аллоҳнинг эрлари, менга мадад беринг! «Фаинна лиллоҳи ибодан ло яро» – Чунки Аллоҳнинг у киши кўрмаган баъзи эр кишилари бордир.

Ўйлайманки, бу эран калимаси шундай «эр» кишилар билан боғлиқ бўлса керак. Олдинги маъносида ҳам қўлланган бўлиши мумкин. Яъни, эран бир руҳий таълим-тарбияни бажарган ва энг баланд мартабага эришган, мақсадига етишган киши… Аммо дарвишлар ўзларини етишган, эришган деб ҳисобламайдилар. Тавозулари, камтарликлари туфайли «мен ожиз», «мен гуноҳкор», «азъафул ибод» – бандаларнинг энг заифи, «афқарул фуқаро» – фақирларнинг энг фақири, «Аллоҳнинг раҳматига энг муҳтож қул», «пургуноҳ», «осий», «мискин», «пурхато», «пурисён» деб атайдилар. Ўзлари ҳақида ҳар хил камтарона сўз айтсалар-да, аслида улар эртаю кеч тоат – ибодатда, хайру ҳасанотда, дуою муножотдадирлар. Шунинг учун ҳам «эран» калимасининг «етишмоқ», «эришмоқ» маъносида қўлланиши менга бироз заиф, эришдай туюлади.

Аллоҳни билиш, Аллоҳга етмоқ, ориф бўлмоқ тасаввуфнинг асосий мақсадларидандир. Шу маънода Юнус Эмронинг ажойиб бир мисраларини хотирлашимиз мумкин:

Изламагил олислардан,

Кўнгулдадир мақоми.

Яъни, Аллоҳу Таоло ҳазратларини узоқлардан, осмондан бошқа бир тарафлардан қидирма, унинг мақоми сенинг кўнглингдир, деб таъкидлайди шоир. У ишқ билан, Аллоҳни билиш ва унга етиш ишқи билан ёниб, ўртанади… Уни севиш ва ҳар бир нарсани унинг ризоси учун қилиш ва шундай йўллар билан асосий мақсад – Аллоҳ тарафидан севилган бир қул бўлиш…

Хос ошиқлар кимнингдир севгисига, мақтовига, шуҳратига, хайру эҳсонига аҳамият бермайдилар. Улар Аллоҳ томонидан севилишни хоҳлайдилар… Албатта, бундай севгининг масъулиятини англаган ҳолда, кечаю кундуз унинг йўлида ҳаракат қиладилар.

Ўрни келганда шуни айтишимиз керакки, Аллоҳ бир кишини севмоғи, Аллоҳ севгисини қозонмоқ учун тўғри тушунчага, соғлом ақидага эга бўлиш муҳим, шарт саналади…

Ҳазрати Расулуллоҳ (с.а.в.) яҳудий руҳонийларини исломга даъват қилганларида, улар: «Биз Аллоҳни севамиз, Аллоҳнинг суюкли қулларимиз. Бизнинг динимиз бор, ўз эътиқодимиз бор. Нега сенинг олдингга келишимиз, сенга байъат қилишимиз керак? Сенга тобе бўлишга ҳожат йўқ. Биз зотан Аллоҳни таниймиз, севамиз»,– деганларида бу ояти карима нозил бўлган:

قُلْ إِن كُنتُمْ تُحِبُّونَ اللّهَ فَاتَّبِعُونِي يُحْبِبْكُمُ اللّهُ وَيَغْفِرْ لَكُمْ ذُنُوبَكُمْ … (سورة آل عمران: 13)

«Қул ин кунтум туҳиббуналлоҳа фаттабиуни юҳбибкумуллоҳу ва яғфир лакум зунубакум» («Оли Имрон». 31) – Айтинг, (эй Муҳаммад): «Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Аллоҳ (гуноҳларни) мағфират қилгувчи, меҳрибондир». Яъни, «Сен Аллоҳнинг севгили қулисан, расулисан. Сенга эргашсинлар. Шунда Аллоҳ ҳам уларни севади», – деган хулоса, мантиқли бир ҳукм бор… Шу сабабдан Аллоҳнинг бир қулини севмоқлик шарти, кескин тарзда маълум шартлар воситасида майдонга чиқади…

Хўш, Аллоҳ тарафидан бир қулнинг севилмоғининг асосий шарти нима экан?..

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг йўлларидан юрмоқ, ҳар ишда ҳазрати пайғамбаримизга тақлид қилмоқ, у киши каби ҳаракат қилмоқ, тавсияларини бажармоқ ва у кишига тобе бўлиб, у зоти шарифни яхши кўрмоқ, севмоқ воситаси ила бўлар экан… Эранлар мазкур шарт ва воситаларни амалга оширган, Аллоҳнинг суюкли бандалари эдилар…

Ашраф ўғли Румий деган жуда ажойиб, севимли бир мутасаввиф шоир борлигини биласиз. У бир шеърида ёзади:

Эй Аллоҳим, мени мендан айирма,

Мени асло жамолингдан айирма.

Балиғнинг жони сув ичра тирикдир,

Илоҳи балиғни кўлдан айирма.

Яъни, балиқ сув билан тирик бўлгани каби, у ҳам Аллоҳнинг севгиси, жамоли иштиёқи билан тирикдир. Шоир асарларида муршиди комилнинг икки вазифаси борлигини ҳам таъкидлайди:

  1. Аллоҳни бандаларга севдирмоқ.
  2. Бандаларни Аллоҳга севдирмоқ.

Албатта, бандаларга Аллоҳни севдирмак гўзалдир. Болага печенье, бўғирсоқ, хўрозқанд, шоколад ҳақида гапирсангиз, унинг мазасини тотиб кўради, севади. Бандаларга Аллоҳни севдирмоқ осон. Аммо Аллоҳга бандаларини қандай севдира оласиз?

Ашраф ўғли Румий бу ҳақда шундай жавоб беради: «Муридларни расулуллоҳга эргаштираман, расулуллоҳни суннати санийясига тобе этаман, суннати санийяга мувофиқ етиштираман». Дарҳақиқат, мазкур ояти карима зотан шу маънога ишора қилади.

Демак, тасаввуфда, тариқатда Аллоҳ севгисини қозонмоқ учун биринчи галда расулуллоҳ (с.а.в.)га тобе бўлмоқ лозим. Яшашда ҳам, ибодатда ҳам, феълу одат, ҳаракатларда ҳам… Ҳар хил бидъатлардан йироқ бўлиш, суннатга мувофиқ яшаш лозимдир. Бидъат деб кейинги даврларда тўқиб чиқарилган, динга алоқаси бўлмаган, ношаръий нарсаларга айтилади.

Масалан, тариқатларнинг энг машҳурларидан нақшбандия тариқатининг бош саҳифасидаги бош жумлалардан бири «суннати санийяга эргашмоқ, ҳар хил бидъатлардан сақланмоқ, ҳазар қилмоқ»дир. Қодирия, кубравия, мавлавия, суҳравардия, хилватия каби тариқатларда ҳам шундайдир. Марҳамат, бу тариқатларга оид китобларни ўқиб кўринг, гапимга амин бўласиз.

Аммо қайсидир биродаримиз эътироз билдириб: «Баъзи тасаввуф арбобларини биламиз, бундай эмас!» дейиши мумкин. Тўғри, мен ҳам ундайларни биламан, залолатга кетганларидан хабарим бор.

Масалан, ўн йил олдин «Жумҳурият» газетасининг бир мухбири Арнавутга, у ердаги «бектошия» хонақоҳларига борганди. У ерда уни ичкилик билан меҳмон қилишибди. Ҳатто жумҳурият газетасида бирови билан қадаҳ уриштириб турган сурати ҳам чиққан. Мухбирни у ернинг ҳокимларидан бири ҳам роса ичкилик билан сийлабди. Албатта, газетадан бу ҳақда ўқиган киши: «Исломда-ку, ичимлик ичиш гуноҳ, ҳаром, улар нега бундай қилишади?», – деб таажжубга тушишади.

Биз бу саволга юқорида бироз жавоб берган эдик. Яъни тасаввуф ҳар хил тариқатлар шаклида турли ўлкаларга ёйилган ва ҳозиргача ўша ўлкаларда давом этиб келаяпти. Ҳар бир ўлканинг, минтақанинг маданияти, урф-одатлари тасаввуфга ҳам таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, оқ бўёқ баъзи ерда очиқ яшил рангга, баъзи ерда оқимтир, баъзи ерда мовий рангга айланиш ҳодисасини айтиб ўтган эдик. Рангнинг таги бироз нам олса, у ердан таъсирланади…

Нега Арнавутдаги бектошийлар ичкилик ичишади ёки бошқа ишлар қилишади? Чунки у ерда болқонликлар, насронийлар бор. Ўлка маданият жиҳатдан соф исломий ўлка эмас. Ислом тасаввуфи у ердан таъсирланган. Пўп, Шарқий Анадўлида, Ўрта Осиёнинг айрим ерларида ҳам бундай ўлкалар бор. Эронда ҳам зардўштийлик, шаманизмнинг асоратлари бор. Улардан таъсирланса, албатта юқоридагига ўхшаш ҳолатлар юз беради.

Айрим тадқиқотларда тариқатлар иккига ажратилади:

  1. Сунний тариқатлар.
  2. Рофизий тариқатлар, яъни сунний бўлмаган тариқатлар.

Бундай тасниф қилишни биринчи бўлиб, марҳум Фуод Кўпрулузода бошлаб берган. У «ортодокс» (муҳофазакор) ҳамда «ҳетеродокс» тариқатларга бўлган. «Ортодокс» – муҳофазакор дегани… Ортодокс деганда христианлик хотирга келади, шунинг учун ортодокс дейиш унчалик тўғри бўлмайди. Ортодокс калимасини қўлламасдан «сунний тариқатлар» деб айтиш керак.

Аллоҳнинг севгисини қозониш учун айтилган, ҳукм этилган ақл, мантиқ ва туйғуларга мувофиқ бўлган нарсалар гўзал ва яхши… Биз ояти каримада айтилгани каби расулуллоҳга, яъни Аллоҳнинг севган бандасига ўхшаб ҳаракат қилишимиз керак. Аллоҳ ҳабибини севгани каби, унга эргашган, унга мувофиқ амал қиладиган, ўзини унга ўхшатадиган кимсани ҳам севгайдир… Биринчидан, ақл ва мантиқ буни қабул қилади, оят ва ҳадис ҳам шунга далолат қилади…

Иккинчидан, Аллоҳ саркашлик қилганни севадими, итоат қилганними? Осий бўлганни севадими, ибодат қилганними? Яхшилик қилганни севадими, зулму ёмонлик қилганни севадими? Бунинг жавоби жуда аниқ. Итоат этганни, савоб ишлар қилганни севади. Эҳсон қилган қулларини севади! Зотан ояти каримада ҳам айтилади:

…إِنَّ اللّهَ يُحِبُّ الْمُحْسِنِينَ (سورة الفاتحة :195)

«Инналлоҳа юҳиббул муҳсинин» («Ал-бақара»,195) – «Албатта, Аллоҳ яхшилик қилувчиларни, ибодатини жону кўнгулдан адо этган бандаларини севади» деб буюрилади. Зеро бир хизматкор бошлиғига ёқиши ва мансаби кўтарилиши учун бошлиғининг сўзини эшитиши, айтганларини бажариши лозим. Шунингдек, бир талаба курсдан курсга ўтиши учун домланинг айтганларини қилади, дарсларини тайёрлайди, имтиҳонларга тайёргарлик кўриб, яхши баҳолар олади.

Шунинг учун Аллоҳ айтганларини бажариш, вазифаларни адо этиш керак! Таҳорат қил, намоз ўқи! Ўқимайди. Рўза тут! Тутмайди. Закот бер! Бермайди. Яхшилик қил! Қилмайди. Зулму мунофиқлик қилма! Қилади. Зино қилма! Қилади. Ота-онани ҳурмат қил! Қилмайди. Ароқ ичма! Ичади. Ёлғон гапирма! Гапиради. Ҳеч шубҳасиз, бундай инсон севилмайди!… Тоат – ибодат қиладиган, яхшилик ва фидокорлик қиладиган, хушахлоқ ва хайру саховатли, ишқу муҳаббатли инсон севилади…

Учинчидан, ўзаро севиш, бир-бирига муҳаббат кўрсатиш йўлини тутганлар. Бу одат ҳазрати пайғамбаримизнинг ҳадисларида буюрилган. Умуман ҳадисларда ҳар доим ўзаро меҳру шафқат ва севги-марҳамат қилишга чақирилади.

قال الله تبارک و تعلی حقت محبتی للمتحابين في و حقت محبتی للمتزاورين في و حقت محبتی للمتباذلين في و حقت محبتی للمتناصحين في (راموز الحاديث: 5/338)

«Қолаллоҳу таборака ва таоло» – Аллоҳу таборак ва таоло айтди.

«Ҳаққат маҳаббати лил мутаҳоббина фийя» – Бир-бирларини севган мусулмонларни Аллоҳу таоло севади. У ҳолда Аллоҳнинг севиши учун мусулмонлар бир бирини севиши керак.

«Ва ҳаққат маҳаббати лил мутазовирина фийя» – Бир бирларини зиёрат қилувчиларни Аллоҳу таоло севади. У ҳолда мўъминлар бирбирларини зиёрат этиб, ҳол-аҳвол сўраши, йўқлашиб туриши керак.

«Ва ҳаққат маҳаббати лил мутабозилина фийя» – Бир бирларига саховат қилган, икром ва ҳадялар билан сийлаб турганларни Аллоҳ севади. У ҳолда мусулмон мусулмонни ҳадя ва эҳсонлар билан сийлаб туриши керак.

«Ва ҳаққат маҳаббати лил мутаносиҳина фийя» – Бир бирига нисбатан самимимиятли, чин қалбдан муомала қилганларни Аллоҳ севади. Демак, мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифдан мусулмон мусулмонни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб туриши, ўзаро меҳру муҳаббатли, садоқатли бўлиши лозим экан.

(давоми бор)