Дима Қаюм кутубхонаси ўз фаолиятини бошлади

Сайтимиз орқали жорий йил январь ойининг дастлабки кунларида Фарғона вилояти Риштон туманидаги деҳқон бозорида, “Фейсбук” ижтимоий тармоғида “Дима Қаюм” номи билан кўпчиликка таниш бўлган машҳур блогер Дилшод Болтабоев, одамларга холисона хизмат кўрсатувчи кутубҳона очиш учун туман хокими тарафидан  расман рухсат олганлиги хақида маълум қилган эдик.

Хафтанинг муборак жума куни “Рошидоний кутубхонаси” қуриб битказилиб, жиҳозланганидан сўнг, ўз фаолиятини бошлади. Шу қисқа фурсат ичида Дилшод Болтабоев ташкилотчилиги остида ва “Фейсбук” тармоғидаги фидойи инсонларнинг моддий-молиявий кўмаги билан, мазкур кутубхона қуриб битказилди. Илгари очиқ осмон остида фаолият кўрсатиб келган кутубхона, энди мўжазгина иншоат ичида фаолиятини давом эттирадиган бўлди.

Очилиш маросими давомида бўладиган ташвишларнинг кўплигига қарамай,  биз бевосита Дима Қаюм- Дилшод Болтабоевни чалғитишга жураът қилдик ҳамда бир неча саволлар беришга ва уларга қисқача жавоб олишга улгурдик.

Ufq.uz:  Илгарироқ фейсбукдаги саҳифангизда маълум қилганигиздай, бугун “Рошидоний кутубхонаси” расман ўз фаолиятини бошлабди. Аввало шу муносабат билан сизга ва ушбу ҳайирли ишга ўзларининг беминнат ҳиссаларини қўшганларнинг барчасига эзгу тилакларимизни билидириб қоламиз. Шунингдек, яқинда нашрдан чиққан янги китобингиз муборак бўлсин деймиз.

Дима Қаюм: Раҳмат ака.

Ufq.uz: Саҳифангизда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев ташриф буюрганлиги хақида маълум қилиб, ҳатто биргаликда тушган суратларингизни ҳам жойлабсиз. Бу навбатдаги ҳазилларингиздан эмасми?

Дима Қаюм: Йўқ албатта. Келиб, кутубхонамиз билан шахсан танишиб кетганлари рост. Аввало уларнинг ташрифидан бизнинг бошимиз кўкка етганлигини айтишим керак. Чунки, ҳар доим ҳам вазирлар тўғридан-тўғри халқ орасига кириб келавермаслигидан-ми, хуллас, балким  манашу сабабдан бироз хаяжонланган бўлсак керак. У киши келиб, бизга энг эзгу тилакларини билдириб, келажакда кутубхонани ривожлантириш, кенгайтириш юзасидан маслаҳатларини бериб, ташаккурларини изҳор этдилар.

Ufq.uz: Китобларни ўқувчиларга тарқатиш тартиби қандай шаклда амалга оширилади? Агар иложи бўлса, батафсилроқ тушунтириб берсангиз. Сабаби, келгусида шу каби ишларни бошқалар ҳам йўлга қўядиган, балки улар учун тажрибангиз қўл келар?

Дима Қаюм: Ҳеч бир мураккаб услубни қўлламайман. Одамларга малол келадиган ортиқча бюрократия йўқ. Оддийгина шаклда, бирор- бир ўзига қадрли бўлган  ҳужжатини, ўз розилиги билан ташлаб кетади. Махсус журнал юритилиб, унга исми шарифи ва х.к. китоб хақида маълумотлар қайд этиб қўйилади холос.

Ufq.uz: Келажакда китоблар савдоси билан шуғулланиш хақида хеч ўйлаб кўрдингизми? Балким, режаларингиз бордир?

Дима Қаюм: Асло. Китоб билан савдо қиладиган бизнесни режалаштирмаганман ва ундай ниятим ҳам йўқ. Бу ишларни ташкил этишимдан мақсад, ёшлар кўпроқ китоб ўқисин, ўргансин ва келажакда хақиқий юрт ўғлонлари бўлиб етишишсин, деган мақсадни кўзлаганман холос. Бошқа моддий манфаатдорлик кўзланмаган.

Ufq.uz: Бугунги ёшлар кўпроқ аудиовизуал материаллар орқали турли мазмундаги маълумотларни олишади ва бунинг учун электрон мобил воситалар умуман олганда кенг тарқалиб кетмоқда. Шуларни инобатга олиб, келгусида бу ишларни янада такомиллаштириш учун, электрон шаклдаги аудиокитобларни тарқатиш масаласи хақида ҳечга ўйлаб кўрмадингизми?

Дима Қаюм: Эй ака, бу масалада ишларни аллақачон бошлаб юборганмиз. Электрон кутубҳона деярли тайёр бўлиб қолди. Худо ҳохласа тез кунларда уни ҳам ишга туширамиз. Бунинг учун энг аввало ziyo.uz портали асосчиси Давронбек Тожиалиевга кўрсатаётган ёрдамлари учун алоҳида минатдорчилигимни билдиришим керак.

Ufq.uz: Ушбу ишлар қанчалик эзгу ният билан, хайрия  шаклда ташкил этилган бўлсада, лекин, барибир моддий-молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватланишни талаб этади. Айтмоқчиманки, истиқболда бу масалани қандай ҳал этишни режалаштиргансиз? Ёки бу хақда ҳали ўйлаб кўрмадингиз?

Дима Қаюм: Кўпчиликка маълумки, ўзим умуман бошқа нарсалар савдоси билан шуғулланаман. Келажакда манашу асосий ишларимни янада такомиллаштириб, ривожлантириш орқали, ўз навбатида, кутубҳонани ҳам ривожлантирмоқчиман. Бунинг учун кредит олиб бизнесимдан ортганини кутубҳона учун сарфлайман! Ҳозирча манашуни режалаштирганман.

Ufq.uz: Шундай ҳис-ҳаяжонли, ташвишларингиз тиғиз бўлган пайтда бизнинг саволларимизга жавоб берганингиз учун миннадорчилигимизни изҳор этамиз. Келгуси ишларингизда улкан муваффақият ва зафарлар тилаб қоламиз. Умид қиламизки, сизнинг ушбу ташаббусингиз сабаб бўлиб, келажакда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам, бу каби ҳайирли ишларни амалга оширадиган танти ва мард кишиларимиз топилади.

Дима Қаюм: Рахмат сизларга ҳам. Асли ниятимиз ҳам шундай. Бутун Республикамизда бу каби халқ кутубхоналари янада кўпаяверишини истаймиз.

Ufq.uz