Маданият ва санъатда ўтин ёраяпмиз

… Жамоага бирлашган одамлар хавфсизлиги ва турмуш фаровонлиги ҳукумат, шунингдек, амалдаги қонунлар зиммасида. Дин, маърифат, адабиёт ва санъат, илм-фан эса, гарчи унчалик босим ўтказмаса-да, аслида қонундан кучлироқдир. Булар кишанларни гуллар билан безаб туради, эркинлик деб аталмиш азалий ҳиссиётни ўт олдирмай, муте ҳолидаги кишиларни кўрган кунига шукур қилиб, ҳаётни севиб яшашга ундайди. Бу эса уларни маданийлашган халқлар қаторига қўшади… Бу истеҳзо Жан-Жак Руссога тааллуқли. У санъат ахлоқнинг покланишига ёрдам бера олмайди, деган қараш тарафдори эди. Қолаверса, у яшаган замон адиб шундай қарор қабул қилишига замин яратган.

Бироқ орадан кўп ўтмай буюк Толстой ҳам мусиқа ҳақида фикр юритиб, (бу ўринда гап бачкана мусиқа ва қўшиқ ҳақида) у қалбни ўтмаслаштиради, дейди ва кинояли тарзда қўшиб қўяди: Галиция князларидан бири қаерда қул кўп бўлсин десанг, у ерда мусиқага куч бер, деган. Лекин ўлаётиб қулларни бошқаришдан чарчадим, дея тан олган…

Бу ўринда икки файласуф ёзувчи ҳам халқ ва миллатнинг шаклланишида юқоридаги унсурларнинг ролини инкор этмаган ҳолда бир хил фикрни айтмоқда. Яъни, Чингиз Айтматов таъбири билан айтганда, манқурт билан буюк давлат ҳам, фаровон жамият ҳам қуриб бўлмайди.

Биз тикламоқчи бўлаётган жамият негизини эса авом раият эмас, онгли фуқаролар ташкил этмоғи керак. Шундай экан бу жабҳадаги ислоҳотлар қуйидагиларда кўринади. Мусиқа, кино ва шоу-бизнес.

 “Юлдузлар” ширкати

Бугун мусиқа ва қўшиқчиликдаги сиёсатимиз хийла издан чиққан, десак янглишмаган бўламиз. Худди қўзиқориндай бодраб чиқаётган хонандаларнинг адоғи кўринмайди. Сочи силлиқ таралган, қулоғига халқа тақиб, тор шим кийган, жинси одамда шубҳа уйғотувчи бу тоифа қаёқдан пайдо бўлаётир. Телеэкранлар шу “бойвачча”лар билан банд. Кўнгилочар газеталар “замонамиз қаҳрамонлари”ни “эстрадамиз юлдузи” деб олқишлайди. “Юлдуз” эса беҳаёларча сизга қадалиб қарайди ва қўлини бигиз қилиб беўхшов қўшиқ айтади.

Хўш, уларни ким илҳомлантирмоқда?

Гоҳида, бир пайтлар биз миллий эталон сифатида қараган Фарҳодмонан, жасоратли, кучли-қудратли, ёки бўлмаса, Отабекдек тарбия кўрган ва бу хислат юз-кўзида силқиб турган йигитлар, нима, ўтмишда қолдими, деб ўйга толасан, киши. Болаларимизга бундай беҳаё қилиқларни, чиройли қилиб кўрсатаётган сўхтаси совуқларга тўзим борми, дегинг келади. Уч-тўрт алмойи-алжойи хониши билан кўриниш бергач, катта экранга чиқиб, ақл ўргатади. Тарихи неча минг йилдан зиёд бу улуғ халққа қандай яшамоқдан “сабоқ” беради, ҳатто алқаб дуога қўл очишга ундайди.

Хўш, бу оммавий маданиятнинг нима ҳаққи бор бундай қилишга. У кимнинг арзандаси, ўзи?..

Албатта, бундай ғазаб ҳозир аксарият кўпчиликнинг юрагида тўлиб тошмоқда. Зероким, пичоқ бориб суякка қадалди.

Бугун қўшиқчилик телевидение орқали ўз атрофига энг катта аудиторияни йиға олиш имконини намоён этди. Демак, ёшлар тарбиясига унинг таъсири жуда катта. Шундай экан, жамоатчилигимиз қўшиқчилик ҳақида экран маданияти, шоу тадбирлар ва радиотўлқинлар, айниқса, арзонгаров дисклар орқали тарғиб этилаётган майнавозчиликлар ҳақида жиддий ўйлаб кўрмоғи лозим.

Биринчидан, ижрочининг овози, маҳорати, ахлоқ-одоби, қолаверса, бадиий тафаккурини кўрикдан ўтказиб, ундан сўнг унга рухсатнома бериш;

Иккинчидан, қўшиққа солинаётган матннинг бадиий-эстетик, ғоявий-маърифий қиймати мутахассислар томонидан албатта, кўриб чиқилиши керак. Негаки, бугун аксарият хонандалар, бошловчи ҳам, халқ артисти ҳам косиб-шоирлар ёзган маъно-мазмунсиз, яъни, маърифий аҳамияти бир пулга қиммат матн билан репертуарини “бойитаётир”.

Бундай қўшиқлар одамларнинг вақтини олишдан ўзгага ярамайди. Соҳа ислоҳотни талаб этмоқда. Бу эса, шубҳасиз, миллий ахлоқ ва тафаккурга зиён етказади. Агар, бирон-бир тадбиркор нотўкис оёқ кийими ишлаб чиқарса, у сизнинг оёғингизни майиб қилиши мумкин. Паст савияда ёзилган қўшиқ эса миллион-миллион дидларни ўтмаслаштиради.

Афсуски, ҳозир Ўзбекистонимизда “юлдузлар” ширкати гуллаб яшнамоқда. Биз ҳатто, экранга сиғмай қолмасин, деган хавотирда янгидан-янги телеканаллар очмоқдамиз…

Қаҳрамон бошига дўппи кийса “миллий кино” бўлиб қоладими?

Кино соҳасини айтмаса ҳам бўлади. Бизда бу соҳада мактаб бор эди, аммо у парокандаликка юз бурди. Ўзбек киночилари томонидан ўтган 26 йил ичида “Ўтов”, “Осмондаги болалар”, “Ватан”, “Қўрғошин” ва яна шуларга ўхшаш тўрт-бешта фильмларни айтмаса, арзирли йирикроқ бир иш қилинди, деёлмаймиз.

Айрим ўйноқи режиссёрлар ҳамон “миллий кино” дегани бошига дўппи, эгнига тўн илган қаҳрамон тимсолидан иборат, деган тушунча билан яшаётир. Бу моҳиятан соцреализм темир қоидаси бўлган “шаклан миллий, мазмунан социалистик” деган ақидага жуда ҳамоҳанг. Ҳолбуки, кино мафкуравий таъсир кўлами жиҳатдан энг илғор соҳа.

Ўз вақтида “пролетариат доҳийси” “Барча санъатлар ичида биз учун энг муҳими кинодир” деб бежиз айтмаган. Коммунистлар ҳинд киноиндустрияси оёққа туриши учун кўп кўмак берган. Маълумотларга кўра, ХХ асрда Болливуд топган даромаднинг 80 фоизи Собиқ Иттифоқ ҳиссасига тўғри келган. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор, албатта. Асосийси, Болливуд ишлаган картиналар центиментал руҳияти билан уйдирма воқеаларни пардалаб ташларди, яъни, совет воқелигига мос ва монанд эди. Чучмал ва хаёлий мотивлар устига қурилган бундай асарлар мазлум халқларни миллий озодлик деган мўътабар интилишдан чалғитиб турарди. Ва коммунизм хаёли билан яшашга ундарди…

Кино санъати катта кучга эга экан, келинг, биз ҳам энди ундан миллий манфаатларимиз йўлида фойдаланайлик. Ўзбекистон улуғ алломалар, ҳадис илмининг, шеъриятнинг султонлари, Озодлик йўлида жон олиб-жон берган Тўмарис, Афросиёб, Жалолиддин, Амир Темур, Темур Малик, Мадаминбек, Файзулла Хўжаев каби мислсиз ватанпарварлар Ватани. Бундай тарих, бундай миллат дунёда йўқ. Лекин уларнинг бирортаси ҳақида дунёга чиқадиган асар яратилмади, ҳали. Қайтанга Голливуд кино ижодкорлари Ибн Сино ва тарихий қаҳрамон Отилла ҳақида фильм ишлаб, катта шуҳрат топди.

Шу ўринда бир мумтоз санъат намунасига тўхталмаса бўлмайди. Мэл Гибсон бош ролни ижро қилган “Шерюрак” фильми. Камина шу ёшга кириб, инсон эрки, ҳамияти, муҳаббати ва садоқати бор бўйича улуғланган бошқа бир фильмни кўрган эмасман. Асар қаҳрамони дунёнинг жами неъматидан озодликни баланд қўяди.

Асар шотландларнинг ёвуз ва тубан босқинчиларга қарши кураш ҳақида. Ҳолбуки, Мэл Гибсон ирланд фарзанди. Ирландлар ҳам шу зулмни жонидан ўтказган. Шунинг учунми, дунёдаги ҳамма неъматларнинг онаси — Озодлик деб дунёга жар солади.

Албатта, ўзбек халқи тарихини Шотландлар тарихи билан тенглаштириб бўлмайди. Лекин улуғ санъаткор шу тарихдаги бир жангу-жадал воситасида дунёга ўз гапини айтган. Ўлмас асар…

Энди сиз суронли кечмишга бир назар солинг. Тўмариснинг шавкати ўз вақтида Европани ларзага солган. Қанчадан-қанча асарлар яратилган. Ҳатто ўша Жанна д-Арк ҳам Тўмарисдай бўламан, деб майдонга чиққан.
Тўмарис ҳақидаям “Шерюрак”дай фильм яратиш мумкин. Лекин қани шу, фильм?!

Ёки бўлмаса, Широқ, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Темур Малик каби ёвқур ватанпарварлар, Имом Бухорий, Мотуридий, Термизий, Хоразмий, Беруний каби мислсиз алломалар ҳақида нега фильм ишламаймиз?

Ахир, улар ҳақида яратилган асар, агар мукаммал бўлса, бугун биз жойларда ўтказаётган “Миллий ғурур ва ватанпарварлик” мавзуидаги ҳар қандай семинару йиғилишдан таъсирли ва яшовчан бўлмайдими? (мақола 2017 йил бошида ёзилганлигини ҳисобга олишингизни сўраймиз)

Тўғри, тан олиш керак, бугун миллий кино жабҳаси тубдан ислоҳ қилишга муҳтож. Ҳозирги кино арбоблари олдига ҳалиги талабларни қўйиш адолатдан бўлмайди. Аввало, уларнинг қаддини кўтариб қўйиш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш лозим. Шунинг учун ҳам қўшиқчилик ва кино санъати атрофида етук тарихчилар, бастакорлар, қадимшунослар, тилчилар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётчилардан иборат махсус комиссия тузиш, ишни ҳамкорликда ташкил этиш, мазкур соҳаларни босқичма-босқич миллий руҳда шакллантириш мақсадга мувофиқ.

Муаллиф: Ўрол Содиқ