УМАР ХАЙЁМ КИМ БЎЛГАН?

У ҚАЧОН ВА ҚАЕРДА ЯШАБ ЎТГАН? 

УМАР ХАЙЁМ МАЙНИ СEВГАНМИ?

НИМА УЧУН У ДОИМО МАЙ ҲАҚИДА ШEЪРЛАР ЁЗГАН?

СИЗ УНИ ҚАНДАЙ ОДАМ ДEБ БИЛАСИЗ?

Мазкур саволларга ушбу мақола орқали жавоб беришга харакат қилинади

 

 

Умар Хайём (тахаллуси; асл исм-шарифи Ғиёсиддин Абулфатҳ Умар ибн Иброҳим Хайём Нишопурий) (1048.18.5, Нишопур (ҳозирги Эрон ҳудуди) – 1131.4.12) — математик, астроном, файласуф, ҳаким ва мутафаккир шоир.

Нишопурда бошланғич маълумотни олгач, Балх, Бухоро ва Самарқандда таҳсил кўрган. Маликшоҳ ва Низомулмулк (1019—92) даъвати билан 1074 йилда Исфаҳонда расадхона қурдирган ва унга раҳбарлик қилган.

Юлдузлар жадвали (зиж), 1079 йилда янги ислоҳ қилинган тақвим (календар) тузган. Бу тақвим Европада ундан 500 йил кейин жорий қилинган Григорий календаридан ҳам аниқроқ бўлган.

Умар Хайём илмда ҳам, ижодда ҳам ўзини шайх урраис Абу Али ибн Синонинг ҳассос ва садоқатли шогирди ҳисоблаган. Ибн Сино асарларини тушунмаган кишилар уларни изоҳлаш ва шарҳлашни ундан сўраганлар. У устозининг бир қатор асарларини арабчадан форсчага таржима қилиб, шарҳлаб берган, унинг ғоя ва қарашларини давом эттирган ҳамда тарғиб қилган. “Рисолат ул-кавн ват-таклиф” (“Коинот ва унинг вазифалари ҳақида рисола”), “Рисола фил вужуд” (“Борлиқ ҳақида рисола”), “Рисола фи куллиёти вужуд” (“Борлиқнинг умумийлиги ҳақида рисола”) каби фалсафий асарларида Ибн Синонинг вориси ва издоши сифатида намоён бўлган.

1077 йилда у юнон олими Евклид китобидаги бир неча геометрик шаклларни шарҳлаб ёзган “Рисола фи шарҳи мо ашкала мин мусодарат китоб ул – Иклидис” (“Евклид китоби муқаддималаридаги мушкулотлар шарҳи ҳақида рисола”) асарида бутун сонларнинг илдизини топиш йўлларини кўрсатиб берган. “Рисола фил бароҳийн ала масойил ал-жабр вал-муқобала” (“Алгебра ва муқобала (қаршилик назарияси) исботлари ҳақида рисола”), “Мушкулот ул-ҳисоб” (“Арифметика мушкулотлари”) асарларида у юнон олимларининг аниқ фанларга оид фикрларини араб тилида кенг шарҳлаш билан бирга, уларнинг қарашларини ривожлантирган, математик, физик тенгламаларнинг моделларини топган.

ХII аср форс насрининг нодир намунаси ҳисобланган “Наврўзнома” асарида Наврўзнинг келиб чиқиш тарихи, Шарқ халқларининг бу байрам билан боғлиқ анъана ва маросимлари кенг ёритилган, кўплаб ҳикоят ва ривоятлар келтирилган.

Умар Хайёмга унинг рубоийлари жаҳоншумул шуҳрат келтирган. Уларда шоир дунё, одам ҳақида, ҳаёт мазмуни ҳақида фикр юритади. Рубоийларида у материянинг бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтиши, эскининг емирилиб, янгининг пайдо бўлишини (кулол, кўза, тупроқ ҳақидаги рубоийлар ва ҳ.к.) ифодалайди.

Умуман, ишқ ва ҳаёт, инсон тафаккурининг қудрати, умрнинг маъноси, инсоний фазилат ва қусурлар, маърифат ва жаҳолат каби мавзулар шоир рубоийларининг асосини ташкил этади. Тез-тез учраб турадиган май образи эса илоҳий муҳаббат, ҳаёт лаззатларини улуғлаш воситасидир.

Фирдавсий маснавийни, Ҳофиз ғазални қанчалик такомилга етказган бўлсалар, Хайём ҳам рубоийни шунчалик юксак мавқега кўтарди. Хайём рубоийлари дунёнинг деярли барча асосий тилларига таржима қилинган. Бу рубоийлар ўзидан кейинги Шарқ адабиётига кучли таъсир кўрсатган.

ХIХ асрдан Ғарбда ҳам машҳур бўлган. Айнан у туфайли рубоий жаҳон сўз санъатининг машҳур жанрларидан бирига айланган. У ўзининг фалсафий жиҳатдан теран ва сермазмун рубоийлари билан Шарқ шеъриятида фалсафийликнинг чуқурлашувига катта ҳисса қўшган.

Америкада Умар Хайём асарлари асосида театрлаштирилган саҳна асари, Лондонда махсус хайёмхонлар саройи мавжуд. Уларда шоир рубоийлари ҳам аслида, ҳам таржимада бадиий сўз усталари, моҳир нотиқлар томонидан ўқилади. Шарқда бундай саҳна асари — “Ўз-ўзим билан суҳбат” Тожикистон халқ артисти Маҳмуджон Воҳидов томонидан яратилган. Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Фаррух Зокировлар ҳам Хайём рубоийлари асосида қўшиқлар яратганлар.

Хайём рубоийларини ХХ аср бошларидан ўзбек тилига таржима қилишга киришилган. 1914 – йил “Шўро” журналининг бир неча сонларида шоирнинг рубоийлари илмий шарҳи билан насрий таржимада эълон қилинган. Фитрат “Форс шоири Умар Хайём” номли рисоласида (1929) унинг 35 та рубоийсини насрий таржимада келтирган. Кейинчалик Ф.Абдуллаев унинг 14 та рубоийсини шеърий таржима қилган.

Хайём рубоийлари таржимаси асосан Ш. Шомуҳамедов номи билан боғлиқ: шоир рубоийлари унинг таржимасида бир неча марта босилиб чиққан.

Сўнгги йилларда Умар Хайём рубоийларининг Ж.Камол, Э.Очиловлар томонидан арузда қилинган янги таржималари пайдо бўлди. 2001 – 2004-йилларда Наби Жалолиддин Умар Хайём ҳаётига бағишланган роман ёзди. Бу ажойиб роман Хайём руҳиятининг барча қирраларини тўла намоён этган.

Фейсбук ижтимоий тармоғидаги  “ЎЗБEКИСТОН ТАРИХИ. ИСТОРИЯ УЗБEКИСТАНА. HISTORY OF UZBEKISTAN гуруҳидан олинди.
Муаллиф: Тарих фанлари доктори Шохистахон Ульжаева