Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон. Тасаввуф ва Нақшбандийлик

“Сўфийлик шариат амалларига, тариқат инжаликларига, қалб поклигига ва ирфоннинг қоидаларига мувофиқ яшаш тарзидир. Биз одамларга “дарвеш бўл, сўфий бўл” деб айтамиз. Агар одамлар бу сўзларнинг маъносини тўғри англаб етмасалар сўзимиз унчалик тўғри бўлмайди. Уларга “Аҳли Қуръон бўл, аҳли ҳадис бўл”, дейишимиз керак. Чунки Қуръон—мунозарасиз бир раҳбаримиз. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳам ҳеч шак-шубҳасиз йўлбошчимиздир. Сен ҳақиқий Қуръон аҳли бўлгинки, мен сенинг пойингни ўпайин. Сен Расулуллоҳ суннатини мукаммал амалга оширки, орқангдан эргашайин.

 

Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон

 

ТАСАВВУФ ҲАҚИДА МУЛОҲАЗАЛАР
Тасаввуфга оид бир мавзуни талқин қилишдан олдин “тасаввуф” нима эканлиги тўғрисида бир тушунчага, хулосага келиш лозим. Мен тасаввуф сўзи-атамасидан Исломий маънодаги тасаввуфни тушунаман ва сунния тариқатларини тасаввур қиламан. Бу мавзуда мақола ва китоб ёзган кишилар томонидан жуда кўп таърифлар тўпланган. Ҳаммаси ижтимоий, руҳий-психологик ҳаёт билан алоқадор бўлганлиги боис, бундай таърифларнинг миқдори китобларда 160-180 тагача жамланган. 

Бир китобда: “Фалончи зот китобида тасаввуфга бағишланган икки минг таърифни тўплабди”, деб айтилган. Мен ўша икки минг таъриф тўпланган китобни кўрмадим, аммо бу маълумотни нақл қилган китобни ўқидим. Ва қандай таърифлар берилибди экан, деб қизиқдим. Зеро, табиийки, ҳар бир таъриф бир гулга ўхшайди, йиғилганда гулдастага ўхшаб, бирининг кўрки-чиройи янада ортади. Олимнинг таърифи ҳам, фикр-мулоҳазаси ҳам қийматлидир.

Тасаввуфга алоқадор таърифларни баъзи шоирларимиз ҳам назм шаклида ифода қилиб, бир жойга тўплаганлар. Масалан: Ойдинли Умар Дада (Рушаний) (ваф.1487) бир манзумасида 50-60 байтнинг ҳар байтида тасаввуфни турли йўллар билан тушунтириб, ҳар хил таърифларни келтириб ўтади. Кейин Шайх Иброҳим Маъшуқий Афанди (ваф.1655) ҳам бу мавзуда каттагина манзума ёзди.

Бу таърифларни синчиклаб кўрганимизда, уларнинг бир қисми тасаввуф билан алоқадор илмларга дахлдор хулосалар эканлигини кўрамиз. Яна бир қисми эса таъриф бераётган кишининг ўша дамлардаги руҳий ҳолатини акс эттиради.

Тасаввуф замон ва макон жиҳатидан теран илдиз отган ва кенг ёйилган бўлиб, асрлар бўйи давом этгандир. Шунинг учун тасаввуфни бутун минтақалардаги кўриниши ҳамда том маъноси билан яхлит таърифлаб бўлмайди. Бинобарин, минтақа-минтақага ажратиб тадқиқ этиш лузумоти ҳам бордир. Масалан, Шимолий Африканинг тасаввуфий қарашлари ва тушунчалари билан Ўрта Осиёнинг, Онадўли билан Ироқ, Миср тасаввуфий қарашлари орасида фарқлар мавжуддир. Болқондаги, Жазоирдаги, Ямандаги ва Тунисдаги кўринишлари орасида ҳам тафовутлар кўзга ташланади.

Мен бу таърифлар шундай хулоса чиқардим: “тасаввуф—бир томондан маърифатуллоҳни, бошқа тарафдан эса тазкияи нафс (нафс поклиги)ни ўргатадиган ва шу йўлдаги ҳаракатларни ифодалайдиган, уларни англатадиган ва бу ҳолатларга эришиш учун нима қилиш кераклигини тушунтирадиган бир илм” деган бўлардим. Яна бошқа бир ифода билан айтганда эса, “тасаввуф Аллоҳнинг қулини, қулнинг эса Аллоҳни севиш йўлларини тушунтирадиган бир илмдир”. Тасаввуф Исломий илмларнинг энг шарафлисидир. Бу илмнинг шарафи, унинг ичидаги мавзусининг шарафи билан музайяндир. Модомики, тасаввуфнинг мақсади, мавзуси маърифатуллоҳ—Аллоҳни билмак-танимак бўлар экан, ўз-ўзидан бу ҳолда “тасаввуф ашрафи улуми исломиядир”. Яъни Исломий илмларнинг энг шарафлисидир.


Нима қилсак Аллоҳ бизни севади? Нима қилсак қалбимизда бўлишини истаганимиз “муҳаббатуллоҳ” (Аллоҳ севгиси) ҳосил бўлади? Менимча, тасаввуфнинг тутган йўли—шу. Шундай саволларга жавоб беради. Айни маънода тушунадиган бўлсак, Ислом тасаввуфи Исломнинг ўзидир, руҳидир: Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар ҳамда ҳазрат Пайғамбаримиз (с.а.в.) билан саҳобаларининг ҳаёт тарзидир.

Тасаввуф манбаини Эрондан, Юнондан ёки бўлмаса Ҳиндистондан қидириш, уни христианликдан ўтган воқеалар кабидек кўрсатиш ҳақиқатга тўғри келмайди. У—Исломнинг ички ривожланиши, руҳий ҳаётни англашидан юзага келган илмдир.

Тасаввуфга Исломдан бўлак жойлардан манбаъ қидириш эса “у ердан олинган, бу ердан олинган” деб аслида Исломиятнинг ўзини ҳам йиқилган-тўпланган бир нарсадек кўрсатиш, пастга уриш ниятидаги айёр шарқиётчи (ориенталист)ларнинг бир ҳаракати бўлиб қолмоқда.


Тасаввуф илгари йўқ эди, у кейинроқ пайдо бўлди, деган сўзга бу соҳага алоқадор бир киши сифатида мен шахсан қўшилмайман. Чунки, эътибор берсангиз, тасаввуфни тушунтирадиган жами мутасаввифлар бир хулосага келишган: “Тасаввуф қол эмас ҳолдир”,—деб айтганлар. Демак, тасаввуф аввало ҳол бўлар экан, кейин шундай номланганми-йўқми, бундан қатъи назар, бу “ҳол” Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврларида, асҳоби киром замонларида ҳам мавжуд эди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) умрлари давомида тавозеъ ва ибодатга берилганликлари билан, дунё ҳодисалари қаршисидаги ҳолатлари ила тасаввуфий ҳаёт тарзининг энг гўзал намунаси бўлдилар. Тасаввуф аҳлининг ҳар жиҳатдан гўзал ахлоқи ва пок яшаш тарзининг энг олий намунасини ўзлари яратдилар ва у кишининг асҳоби ҳам бу сифатлар билан зийнатландилар.


Асҳобдан кейинги тобеинларнинг феъллари ҳам шу руҳ уйғунлигида намоён бўлди. “Тасаввуф” ва “сўфий” калимаси билан таъбир қилинмаган бўлса-да, бу жиҳат “ҳол” шаклида мавжуд эди…

Тобеинлардаги айнан шу талабчанлик жиддий севги ва тақво туйғуси билан тўлиб-тошгандир. Улар ўзларидан кейинги мусулмонларда ҳам худди шу муносабат, шу ҳолатни уйғотдилар. Шу аснода, ҳадиси шариф, силсиласи орқали етказилгани каби, бу хусусдаги одоб-ахлоқлар ҳам, кейинги авлодларга мерос тарзида етказилди. Ва бу холис ва некбин одамлар, тасаввуфий гуруҳларни шу равишда тарихий, ижтимоий бир ҳодиса сифатида ўртага чиқардилар. Демак, тасаввуф “ҳол” кўринишида Пайғамбаримиз (с.а.в.) даврида ҳам бор эди, фақат калима, яъни сўз шаклида эса кейинроқ вужудга келди. Соф тасаввуф ҳолати, зуҳду тақво ҳаёти “асри саодат”дан бери мавжуд эди ва қиёматгача бўлади, иншоАллоҳ! Чунки тасаввуф Аллоҳнинг розилигини топиш йўлидир ва мутасаввиф ҳам асл мусулмон, ҳақиқий мўмин, хос ва холис қул деганидир.


(давоми бор)

 

Манба: Сайфиддин Рафиддиновнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди