Илмга эътиқод ва садоқат

Дастлаб иқтисодиётга доир бир китобнинг муаллифига кўзим тушганда, ёзувчи Тоҳир Малик бадиий ижоддан толиққан пайтларида иқтисодий фанларга оид асарлар ҳам битар эканлар-да, дея росмана таажжубланганман. Йўқ, дарҳол суриштириб билсам, бу инсон олим экан. Менинг иқтисод фанлари доктори, Тошкент молия институти профессори Тоҳир Маликов билан илк, ғойибона учрашувим шу тарзда рўй берган. Кейинчалик институтнинг «Iqtisod-moliya» нашриётида, Таҳририят-нашриёт бўлими ва «Moliyachi» газетасида ишлаб юрган кезларим иш юзасидан домланинг ўнлаб китоб ва мақолаларини мутолаа қилишга тўғри келди.

Бир сафар “Академнашр” нашриётида босилган ва катта нусхада эълон қилинган устознинг “Бюджет-солиқ сиёсати” деган салмоқли монографияси қўлимга тушди. Уни ҳавас билан қўлга олдим. Негадир, китобни очмай туриб, уни меҳр билан қайта-қайта силагим-сийпалагим келди. Муқовасининг ўзидаёқ унга катта меҳнат сингдирилганлиги шундоқ сезилиб турарди. Сўнг эҳтиёт бўлиб, китобни авайлаб, секин варақладим. Беихтиёр китобнинг дастлабки бетида акс эттирилган “аннотация”дан сўнг алоҳида ажралиб турган қуйидаги сўзларга кўзим тушди: “Монография иқтисод фан-лари доктори, профессор Т.С.Маликов таҳрири остида ва унинг баён услубини тўлиқ сақлаган ҳолда нашр этилмоқда”.

Тўғриси, ўзим ҳам анча китобларнинг “бу ёруғ дунё юзини кўриши”да иштирок этганман. Лекин бунақасини – биринчи кўришим. Ажабланиб, кутубхоналардаги турли-туман юзлаб китобларнинг “ўша жойи”га атайин кўз ташладим. Айнан шу шакл ва мазмун-маънода ёзилган сўзларни учратиш менга насб этмади. Энди “профессор Т.С.Маликов баён услуби”нинг нималигини билиш менга тинчлик бермасди. Шу мақсадда китобнинг “Муқаддима” қисмини секин ўқий бошладим. Дам ўтмай ўқишим “тезлашиб” кетди. Бир ўқишда 10 саҳифадан кўпроқ бўлган “Муқаддима”нинг охирига етиб келганимни сезмай  қолдим. Қайд этилганича бор экан: ҳақиқатан ҳам монография “…профессор Т.С.Маликов баён услубини тўлиқ сақлаган ҳолда нашр этил”ган бўлиб, у моҳирлик билан ўзига хос тарзда – тоҳирона – ёзил-ган эди.

Аслида, иқтисод масалаларига бағишланган “асар”, узуру, зерикарлироқ  ўқилади. Улар, маълум маънода, “севиб ўқиладиган асарлар” сирасига кирмайди. Уларнинг орасида юракни сиқувчи, бошни гангитувчи ва ҳатто, унча-мунча одам тушунолмайдиганлари ҳам бор. Ўзни мажбурламасангиз бу “асар”ларни мутола қилиб, бу билан муаллиф нима демоқчи эканини англаш – ўта мушкул. Улардан бирор-бир нарса олиш – амри-маҳол. Қувонарлиси шундаки, проф. Т.Маликов томонидан ёзилган ва молия, давлат бюджети, солиқлар ва солиққа тортиш масалаларига бағишланган “асар”лар учун эса, аксинча, жозибадорлик хос: уларни ўқиш ўқувчининг “иштаҳа”сини очади; китобга муккадан кетишга ундайди; “асар”ни тезда четга суриш хаёлингизга келмайди; китобни “монотон” ўқиш Сизга насб этмайди; аксинча, уларнинг айрим жойларини ўқиб, ҳаяжонланасиз, энтикасиз; беихтиёр “Нима билан тугар экан?” қабилидаги саволларни ўз-ўзингизга бериб ўқийсиз; мураккаб атамаларга дуч келмайсиз; ғализ ва тушунарсиз жумлаларни учратмайсиз.

Яқинда анча йиллардан буён бўлажак иқтисодчи талабаларнинг қўлидан тушмай келаётган олим қаламига мансуб бир неча ўқув қўлланмаларнинг “аҳволи” беихтиёр эътиборимни ўзига тортди. Китоблар қалин муқова ва сифати юқори қоғозларда нашр этилган бўлишига қарамасдан, улар “ночор аҳвол”да эди. Лекин “нега”дир уларга менинг “раҳмим” келмади. Китоблар муқовасининг “сийқаси” чиққан ва варақлари “ҳилвираб” турган бўлишига қарамасдан, уларнинг бу аҳволини кўриб, мен чин дилдан қувондим. Варақлайверилганидан четлари “ейилиб” кетган бўлишига қарамасдан, матнларнинг бутунлиги мени ҳайратга солди. Чунки муаллиф китобларининг бу “аҳвол”га тушиб қолиши, менимча, яхшилик аломати бўлиб, уларнинг қўлдан-қўлга ўтилганлиги натижасидир. Том маънода уларнинг “истеъмол” қилинганидан нишонадир, даракдир. Илтимос, фикримни рад этманг: бундай “тақдир” ҳамма китобларга ҳам насиб этавермайди; ҳар қандай муаллиф ҳам бундай “мукофот”га лойиқ эмас. Йиллар давомида китоб жавонларида туриб ўз ўқувчисини кутиб «кўзлари тўрт» бўладиган китоблар камми.

Илмга эътиқод қилиб, унга садоқат билан хизмат қилаётган олимнинг яна бир хизмати тўғрисида алоҳида тўхталгим келади. 2011 йилда профессор Т.Маликовнинг “Молия” деб номланган 712 бетли ва 46,5 босма тобоқдан иборат бўлган дарслиги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буюртмасига биноан “Ношир” нашриётида нашрдан чиқди. Дарслик республикамиздаги иқтисодий йўналишдаги барча олий ўқув юртларига тарқатилди. Ҳамон у бу йўналишдаги якка-ю-ягона дарслик сифатида қолмоқда. Кимдир сезди, кимдир сезмади: бундай дарсликни 70 йилдан кўпроқ давом этган шўролар даврида қўлга олиш миллатимиз вакилларига насиб этмаган; мустақиллигимизнинг дастлабки 20 йили даво-мида ҳам бундай дарсликни яратишга ҳеч ким журъат этолмаган; бунга ҳадди сиққан, астойдил бел боғлаган инсон бўлмаган. Бундай мураккаб, масъу-лиятли ва шарафли вазифани уддалаш ҳам бизнинг қаҳрамонимизга насиб этди.

Орадан бир йил ўтар-ўтмас Маликов ўз шогирди билан биргаликда ушбу дарсликнинг “чизма варианти”ни ҳам яратди. Унда дарсликда акс этган асосий фикрларнинг энг муҳимлари “чизма кўриниши”ни олди. Чизмалар оддий ва содда бўлса-да, улар дид билан чизилган ва ўзига хос “гўзал”ликка эга. Маҳлиё бўлмасдан иложингиз йўқ. Улардаги тилсиз “стрелька”лар эса, “маҳкам бел боғлаб”, молия илмини ўзлаштиришда Сизга, ҳормай-толмай, холисона хизмат қилишга тайёр. 712 бетли дарсликни 660 бетли чизмаларда акс эттиришда домланинг маҳорати, матонати ва сабр-қаноатига қойил қол-масдан иложингиз йўқ. Олим тинимсиз меҳнатининг маҳсули бўлган “Молия: чизмаларда” бутун бир дарсликни ўзида шундай тарзда мужассам этган якка-ю-ягона “асар” десам, назаримда, ҳеч муболаға бўлмагай!

Т.Маликов янги давр ўқув адабиётларини яратиш борасида ҳам қўл қовуш-тириб ўтиргани йўқ. Сўнги йилларда замонавий руҳда ёзилган ва жаҳон илғор тажрибаларини ўзида мужассам этган  муаллифнинг “Амалий молия асослари” ва “Молиявий тизим: замонавий талқин” каби ўқув қўлланмалари нашрдан чиқди. Яна бир марта тоҳирона услубда ёзилган янги “Замонавий молия” – нашрдан чиқиш арафасида.

Камдан-кам иқтисодчи олимларнинг илмий-оммабоп мақолалари эълон қилиниши мумкин бўлган ва “планка”си ўта юқори ҳисобланган “Халқ сўзи” газетасида Маликовнинг бир неча катта мақолалари эълон қилинганидан  ҳам хабарим бор. Уларнинг замонавий иқтисодиётимизнинг ўта нозик ва қалтис муаммоларига бағишланганлигидан огоҳман. Айниқса, олимнинг бу газе-тада босилган “Солиқ юкламаси: уни кескин камайтириш керакми?” ёки “Солиқ ва имтиёз диалектикаси” каби салмоқли мақолалари жуда кўпчилик-нинг бефарқ қолдирмаганлигини биламан. Улар мамлакатимизнинг турли бурчакларида яхшигина “акс-садо” ҳам берган. Ўзбек иқтисод илми оламини ўзига хос тарзда, “титратган” ҳам. Дастлаб, бу мақолаларни ўқиб, айрим иқ-тисодчи-олимларимиз ўзларини “ини бузилган ари”дек ҳис этишган бўлса-да, лекин иқтисод илмида аллақачон ўз ўрнига эга бўлган ва ўз сўзини дадил айтиб келаётган кўплаб ҳақиқий салоҳиятли иқтисодчи-олимлар ва амали-ётчи мутахассислар уларга “Домла, ўзининг бу мақолалари билан кўзимизни очди. Тафаккуримизни ўзгартирди. Қарашимизда бурилиш ясади”, – қабили-даги холисона баҳоларини беришди. Бунга ҳам ўзим кўп марта гувоҳ бўлганман.

Тошкент молия институтининг “Молиячи” газетаси ва “Молия” журнализ саҳифаларида эълон қилинган “Солиқ юки. Нима у?”, “Стимул”ми ёки “рағбат”?”, “Солиқ йиғилувчанлиги”ми ёки “Солиқлар ундирилувчанлиги”, “Аниқлик – фанимиз тараққиёти гарови”, “Солиқ юки”, “солиқ юкламаси” ёки “солиқий юклама”ми?” каби муаллифнинг мақолаларини алоҳида эътиборга лойиқ деб ҳисоблайман. Менимча, улар оддий мақолалар эмас. Муаллифнинг улардаги мулоҳазаси, фикрлари ва келтирган далиллари – эътирозсиз. Ҳеч қандай қўшимча “аргументация” қилишга – ҳожат йўқ. Уларни тан олмаслик, эътибордан четда қолдириш ёки назар-писанд қилмаслик – нодонлик аломати. Зеро, уларнинг ҳар бирида илмга эътиқод ва садоқатнинг ҳақиқий “ҳид”и уфуриб турибди. Ҳеч кимни хафа қилиш ниятидан йироқман-у, лекин қуйидагини қайд этмасам адолатсизлик қилган бўламан ва ўзимни-ўзим кечира олмайман: бундай юқори савиядаги илмий мақолаларни “ёзиш кўчаси”га ҳамма олимлар ҳам киравермайди. “Олимман!”,- деб  олимликни даъво қилиб юрувчи “хашаки олимлар” эса бундай мақолаларнинг ёнига, ҳатто, келолмагай ҳам.

Бундан қарийб 10 йил олдин биринчи марта суҳбатда бўлганимданоқ, “нега”дир олимнинг “тақдир”ига бефарқ бўлиш кайфияти мени тарк этган эди. Аксинча, шу йиллар оралиғида “бу йўналиш”да кўп нарсаларни билишга ҳаракат қилдим. Сўрадим. Суриштирдим. Мана уларнинг айрим натижалари: мактабдалигидаёқ “Ёш тарихчилар ва жамиятшунослар” Республика фан олимпиадасининг икки карра ғолиби бўлган; ўша пайтда отаси 200 сўм топиб беролмаганлиги учун, фақат “аъло” баҳоларда ўқиган бўлишига қарамасдан, мактабни “олтин медаль” билан битириш унга насб этмаган; шундай бўли-шига қарамасдан Тошкент халқ хўжалиги институтининг Молия-иқтисод факультетига киришда энг юқори балл тўплаган; талабаликнинг бу ерда кечган дастлабки 3 йилида фақат “аъло” баҳоларга ўқиган; барча “зачёт”ларни фақат “автоматик” тарзда топширган; институтнинг 3 курсини битирганидан сўнг ўша пайтда ҳам, ҳозирги кунларда ҳам энг “престижный” олий таълим даргоҳларидан бири ҳисобланган Ленинград (Санкт-Петер-бург)даги академик Н.А.Вознесенский номли молия-иқтисод институтига (ҳозирги Санкт-Петербург Давлат иқтисодиёт университети) ўқишни давом эттиришга йўлланма олган; уни ҳам “қизил” диплом билан битирган; ўша шаҳарда ва ўша даргоҳда 25 ёшида номзодлик ва 35 ёшида докторлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган; Ватанимиз тарихида “Молия, пул муомаласи ва кредит” ихтисослиги бўйича илк фан докторларидан бири; орадан бир йил ўтиб унга профессор илмий унвони берилган.

Назаримда, олимнинг хизмат пиллапояларидан “кўтарилиши” ҳам ҳавас қилса арзигулик. Фаолияти йилларида оддий ассистентликдан академия ректоригача бўлган йўлнинг ҳар бир босқичини бирма-бир босиб ўтган. “Шу йилларда шогирдингиз қандай ишлаган?”, – дея домланинг устозига савол бердим. Жавоб қисқа бўлди: “У “тутамади”, аксинча алангаланиб, чарсиллаб “ёниб” яшади ва фаолият кўрсатди”. Ўзимиздан ташқари турли-туман масъул идораларнинг (Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, қўмиталар, турли академиялар, таълим даргоҳлари ва ҳ.к.)  аудиторияларида домланинг “жонини жабборга бериб” маъруза ўқиётганидан тез-тез хабар топиб, ўша “ёниш”нинг ҳамон давом этаётганлигига яна бир марта иқрор бўлдим.

Профессор Т.Маликов – илмий мактаб яратган олим. Шу кунга қадар у молия илмига содиқ қолиб, ҳар соҳада йўрғаламасдан, унга асло хиёнат қилмасдан фақат ва фақат “Молия, пул муомаласи ва кредит” ихтисослиги бўйича 24 нафар  фан номзоди ва 3 нафар фан докторини “етиштириш”га илмий раҳбар ва илмий маслаҳатчи сифатида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Узун-қулоқ гапларга қараганда, ҳозирги кунларда ҳам олимнинг “этагидан маҳкам тутиш” ниятида бўлган ҳақиқий илм шайдоларининг адоғи йўқ. “Шогирдларимнинг барчаси билан ғурурланаман. Уларнинг ютуқларини кўриб қувонаман. Хизматларим зое кетгани йўқ. Уларнинг барчаси – билимли, “Шогирдим!”, дейишга арзигулик. Барчасининг – “бозори чаққон”. Барчаси – “харидоргир”. Ҳаммаси – элнинг назарида. Яхши-яхши лавозимларда ишлашмоқда. Ўзгаларнинг шогирдларим тўғрисида, уларга тан бериб, “Тушунарли. Ахир, бу фалончининг шогирди-да!” деган баҳоларини эшитиб, лаззатланаман”, – дейди, устоз.

Ана шундай! Олим Тоҳир Маликовнинг, ёзувчи Тоҳир Малик билан маҳсулдорлик борасида баҳс бойлашса бойлашгудек шашти бор. Бир-бири-дан қалин, салмоқли китоблар, ўқишли ва уқишли, муҳими муаммоли мақолалар, замондошлар ҳақидаги хотиралар – ҳеч кимни бефарқ қолдира-ётгани йўқ. Мени кўпроқ домла ёзаётган хотиралар ўзига мафтун қилади. Исм-фамилиядошидан қолишишни истамаётгандек, мақолаларида дадил ишлатилаётган бадиий-публицистик воситаларни айтмайсизми? Уларда ўхшатиш ҳам, жонлантириш ҳам, пичинг-гу қочирим ҳам, ташбеҳлар ҳам тўлиб ётибди. Булар албатта, анчайин юзаки таассурот. Назаримда ушбу хотиралар домланинг инсонга, инсониятга бўлган чексиз муҳаббатининг акс-садоси. Илмга, олимга, маърифатга, таълим-тарбияга эътиқод ва садоқати-нинг рамзидир. Аслида кимнидир ёхуд ниманидир эътироф эта туриб, ўзингни эътироф қилаётган бўласан. Инсон ана шунақа яралган – ҳар ким ўзига муносибини эътироф этади, ҳар ким ўзига маъқулини танлайди, интилади, эргашади, идеал деб билади. Домла қаламга олаётган кишилар ҳаёти ва фаолиятининг етишиб келаётган ёш авлод камолидаги аҳамиятини ўйласанг, одам янада суюниб кетасан. Билим, илм, тажриба, тафаккур – булар бари авлоддан-авлодга ўтиши керак, ахир. Хотиралар бу жиҳатдан ҳар қанча таҳсинга лойиқ.

Менимча, олим ўзига хос ибрат мактабини яратиб улгурди. Ундан сабоқ олиш кишига мамнуният бағишлайди. Тўғри, бундай ибрат мактабидан узоқдан кузатиб ҳам сабоқ олиш мумкин. Лекин олим билан яқиндан ҳамсуҳбат бўлишга не етсин! Бу ҳам одам учун ўзига хос байрамда.

Лазизжон Бахранов: Ўз вақтида улуғ аждодимиз Нажмиддин Кубро «кўрдимки, энг яхши дўст илм экан», деган эканлар. Сизнинг узоқ йиллардан буён «игна билан қудуқ қазиш»га менгзалган илмда қалам тебратиб топган ҳақиқатингиз нималардан иборат? Умуман, илмнинг моҳияти ва хосиятларини қандай изоҳлаш мумкин?

 

Тоҳир Маликов: Саволни менга қарата бердингиз. Шу боис, унинг жавобини ўзгалар фаолиятидан қидирмайман. Менимча, унга жавоб беришда “камтарга – камол”ликни, бироз бўлса-да, четга суришга тўғри келади. “Аҳмоқ ёки нодон ўзини мақтайди”ни ҳам инобатга олмаслик керак. Агар ўз фаолиятингиз натижалари Сиз берган саволларнинг жавобини топишга  ҳақиқатан  ҳам астойдил хизмат қилса, у ҳолда ўзгалар тажрибасига мурожаат этишга не ҳожат?!

Шундай бўлса-да, саволга жавоб бериш жараёнида, энг аввало, Нажмиддин Кубронинг илмга берган баҳосидаги ҳар бир сўзга алоҳида эътибор беришни истардим. Менимча, ул зотнинг “Энг яхши дўст илмдир”, – деган якуний ҳаётий хулосасидан огоҳ бўлган ҳар бир инсон илмни фақат дўст сифатида эътироф этишга ҳақли эмас. Зеро, Ҳазратнинг фикрича, илм ҳатто яхши дўст ҳам эмас. У энг яхши дўстдир. Авлиё томонидан илмга берилган бу баҳонинг мазмун-моҳиятини идрок этиш учун “дўст”, “яхши дўст” ва “энг яхши дўст”лар ўртасидаги фарқларни кўришга қодир бўлишимиз керак. Уларнинг негизида нималар ётганлигини англашимиз лозим. Афсуски, фақатгина шаҳло кўзи билан “кўрадиган”лар бу масалада “ожизлик остонаси”дан нарига ўтолмайдилар. Уларни Ақл кўзи билан кўрадиган ва шундай кўзга эга бўлганлар эса ҳеч қачон бу сўзлар ўртасида баробарлик белгисини қўймагай!

Ҳаётда ҳаммамиз, жумладан, энг яхши дўст қидириб ҳам “ўтамиз”. Илмдан бошқа энг яхши дўст йўқ экан, уни қидиришга не ҳожат?! Мен эса ўша “энг яхши дўст”имни аллақачон топганман. У қулоғимга “азон” айтил-ган пайтдаёқ она сути билан сингдирилган бўлса, ажаб эмас. “Ақлимни тани-ганимдан буён” илмга интиламан. Мактаб остонасидан ҳам ўша “энг яхши дўст”им билан бирга ўтганман. Қўлимга “11-пероли ручка” тутқазилган ва биринчи ҳарфни таниган кезларимдан ҳанузгача ўша “энг яхши дўст”им билан дўстлик ришталарини қайта-қайта боғлаш билан “бандман”.

Натижалар ёмон эмас: болалигимда ўйинга қўшмайдиганлар ўша “энг яхши дўст”им билан дўстлашганимдан сўнг мени ўйинга қўшадиган бўлиш-ган; ўрта мактабни битиргунимга қадар, баъзи бир объектив сабабларга кўра, оддийгина матодан тикилган қўлбола “попка”м “высший сорт”ли унда йўғрилган, ялтираб турган оппоқ нонни кўрмаган (ёлғиз менда сувли тегир-монда янчилган буғдойдан олинган “қора нон” бўларди, ўша нонимни ҳамон соғинаман) бўлса-да, танаффусда синфдошларимнинг деярли барчаси “энг яхши дўст”им борлиги учун ўз нонларини мен билан баҳам кўришга нав-батда туришарди; институтда ўқиган кезларимда ҳам ўша “энг яхши дўст”им туфайли доим иззат-икромда бўлдим; “энг яхши дўст”им мени асло тарк эт-маганлиги учун номзодлик ва докторлик диссертацияларини ҳам барча эътироф этган ва тан берган ҳолда, ўзга юртда, ўзга тилда муваффақиятли ҳимоя қилдим; минг шукр, бир олим орзу қилиши мумкин бўлган барча мансаб пиллапояларидаги баланд парвозим ҳам шу “энг яхши дўст”им туфайли содир бўлди; менга ҳавас қилганлар ва аксинча, менга нисбатан ҳасад ўтида куйганларнинг борлигини ҳам “энг яхши дўст”имнинг “каро-мат”и деб биламан. Борингки, мени “Мен!” қилган шу – “энг  яхши дўст”им – ИЛМ ҳазратлари.

Барча бахтиёр, бахтли кунларимнинг энг асосий “хизматкор”и бўлган, қайғули кунларимда эса қаддини ўзимдек букиб, ёнимда мадад бўлиб турган “энг  яхши дўст”им ҳам – илм. Берилган топшириқни бажариб-бажармасдан, шундай “энг яхши дўст” билан дўстлашай деб китобга “ёпишган” кезла-римда, отамнинг ноиложликдан кесатиб, лекин “валий”ларча “Ўқи! Ўқи! Шу китоблар сенга бир кун ош-нон беради!”, – деб айтганидек, менга ҳамон “ош-нон” бериб келаётган “энг  яхши дўст”им ҳам ИЛМ ҳазратлари бўладилар.

Ёшим ҳам 60 га бориб қолди. Ҳамон шу “энг  яхши дўст”имдан ажралиш ниятим йўқ. Шундай бўлса-да, доим уни бошқалар билан биргаликда баҳам кўриш фикри мени асло тарк этмаган. Бутун ҳаётим давомида шунга амал қилдим. Ҳозир ҳам шу “ташвиш”даман.

Хуллас,“…узоқ йиллардан буён «игна билан қудуқ қазиш»га менгзалган илмда қалам тебратиб топган ҳақиқат”им ана шундан иборат. Сиз айтган “илмнинг моҳияти ва хосиятларини” мен шундай изоҳлайман. Менинг бу борадаги “жайдари фалсафа”м – шу.

Лазизжон Бахранов: Яқинда бир тадқиқотчи иши тайёр бўлганига уч йил бўлганлигини, ҳимоя учун устози унга йўл бермаётганлигини айтиб, нолиб қолди. Мен ундан сиздан олдин ҳам шогирдлар чиқарганми, десам ҳа, етиштирган, лекин улар домламни бир тийинга ҳам олмайди, деди. Устоз-шогирдлар ўртасида шунга ўхшаш ҳолатлар ҳам бўлар экан-да?!

 

Тоҳир Маликов: Минг афсус! Лекин не қилай? Ахир буни ҳам “Ҳаёт!” дейдилар. Агар шунақанги ҳолат вужудга келган бўлса, менимча, бунинг, албатта, бир “бало”си бор. Аслида, соф назарий жиҳатдан қараганда, унинг ҳақиқий “илдиз”ини топаман деб, бир томоннинг “гўрига ғишт қалаш” мақсадга мувофиқ эмас. Бундай “бало”га бир томоннинг “дард”ини эшитиб, “малҳам” бўлиш – амри маҳол. Унга шу тарзда “диагноз” қўйиб ҳам бўлмайди. Худди шундай унга “рецепт” беришнинг ҳам иложи йўқ. Бир томонламали “диагноз” ва “рецепт”лар бундай “бало”нинг олдини ололмайди. Уларни қўллаб, “касал” “шифо” ҳам топмайди.

Аввало, уни мен “устоз” ва “шогирд” ўртасидаги нохолисона, нопок ва ғайриилмий муносабатларнинг натижаси деб биламан. Ҳолбуки, ҳақиқий устоз ва ҳақиқий шогирд ўртасида бундай муносабатларга асло ўрин йўқ. Бундай аянчли ва ташвишли вазиятнинг вужудга келганлигига, идеал ҳолда, ё “устоз”, ё “шогирд” ёки ҳар иккаласини ҳам гуноҳкор деб ҳисоблайман. Агар бу ҳолат устознинг айби билан вужудга келган бўлса, бундай “устоз” устоз номига нолойиқ. “Ҳайф!” шундай “устоз”га. Аксинча, бунга “шогирд” сабабчи бўлса, у шогирд эмас. Бундайлар садқаи шогирд кетсин. Бундай забт этилган “марра” ёки чиқилган “чўққи” ҳар икковининг “кураш”и натижаси бўлса, иккаласига ҳам “Суф!”. Ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда бундай “шо-гирд”га эга бўлган устоз ва аксинча, бундай “устоз”га эга бўлган шогирд учун илм-фан оламида “бахти қаро”лик, “пешонаси шўр”лик, “толеи паст”-лик, “сарсон-саргардон”лик, “аросатда”лилик ва ҳоказо шунга ўхшашликлар хос. Наҳотки, шуларни истаб табаррук илм йўлида бир-бирига қараб қадам ташланса?! Шулар назарда тутилиб, “Биримиз шогирд ва иккинчимиз устоз бўламиз!”,- дея аҳду-паймон “камар”лари боғланса?! Наҳотки, шуларни ҳақиқий устоз ва ҳақиқий шогирд бир-бирига раво кўрса?!…

Шундай бўлса-да, дастлаб, “ҳимоя учун устози йўл бермаётган” “шо-гирд”га “раҳм”им келиб, уни тушунишга ҳаракат қиламан. Тўғриси, қай томондан қарасам ҳам, бундай “устоз”нинг “гўрига ғишт қалаш” қўлимдан келмайди. Буни Сиз, табиий равишда, “Қарға қарғанинг кўзини чўқимай-ди”га чиқарманг. Йўйманг ҳам. Чунки қанча ҳаракат қилсам ҳам, аслида, бундай “устоз”ни мен тополмайман. Мантиқнинг энг оддийгина ҳамма тегишли қоидалари нолиётган “шогирд” фойдасига эмас, балки зарарига хизмат қилади. Буларга зид равишда “Шундай “устоз” бор бўлиши мумкин-ку!”,- дея ўз-ўзимни мажбурлашим мумкин. Бу ҳолда устоз-шогирд ҳамкор-лиги ўз асл маъно-мазмуни ва моҳиятини йўқотади. Шундай муносабатлардан “ажралиб” қоламан. “Предмет” мени “аросат йўли”да ташлаб кетади.

Ҳақиқатан ҳам мен иши тайёр бўлган шогирдига йўл бермаётган устозни тасаввур этишга қодир эмасман. У қандай “устоз” бўлдий-кин?! Ҳеч бўлмаганда илмий тараққиётга тўсқинлик иллати унга хос бўлса, қандай қилиб у устоз бўлиши мумкин? Илмнинг тараққиётига эмас, балки аксинча, унинг таназзулига хизмат қилаётган инсон устоз номига муносибми?! Илм-фаннинг ривожланишига раҳна солиш “курси”сида ўтирганларни устоз деса бўладими? Бундайларга нисбатан устоз сўзининг ишлатилиши шундай табаррук сўзнинг увол, исроф қилинганидан дарак эмасми?!…

 

(давоми бор)