Шайх Маҳмуд Асъад Жўшон. Тасаввуф ва Нақшбандийлик (давоми)

Мен тасаввуфни сўз билан ўқиб-ўрганиш орқалигина эгаллаш мумкин эмаслигини амалда-ҳаётимда кўрган бир кишидирман. Касбим сабабидан илм арбоблари орасида юрган ва тасаввуфга оид кўплаб китобларни ўқиган бир киши бўлганлигим ҳолда татбиқотни, яъни амалда қўллашни китобларда тушунтирилганига нисбатан бошқа нарсалар янада кўпроқ қозонтиришини ўз ҳаётимда амалий кўрганман.

Тасаввуфни ташқаридан қидириш ва асарларда ифодалаш ва тушунтиришда зўракилик юзага келади. Инсон тасаввуфни унинг ичига кирган вақтида кўради ва феълан-амалан яшагандагина тушунади. Китобда ёзилганларни қандай англаш лозимлигини ҳам ана ўшанда тушунади. Хулоса қиладиган бўлсак, Ислом дини ўзининг табиий ривожланишида бўлган, табиий ҳолда ёйилган ва турли оқимлар ҳолида яшаган ва ўсган.

Тасаввуф шундай бир ҳаёт ичида пайдо бўлиб, майдонга чиққан. Яъни, “илк мусулмонлар ҳеч нарса билмас эдилар. Эрон билан танишганларида, у ерда бир ҳодисани кўриб унга тақлид қилдилар”,—деб айта олмаймиз. Чунки мусулмоннинг мақсад ва тушунчаси ташқаридан бир нарса олиш эмас эди. Бу кундаги ҳақиқий мусулмоннинг ҳолати ҳам шундайдир. Бугунги чин мусулмон ташқаридан тақлид йўли билан на шакл олишни, на фикр олишни ва на ишонч олишни хоҳлайди. Чунки, у бошқа нарсаларнинг бегона эканлигини билади. Ўзини ўз манбалари ичида камолга етказишни афзал кўради. Мутафаккирларимиз асарларида ҳам шу нарса кўзга ташланади.

Бу ишнинг ҳақиқий вакиллари тасаввуфнинг Шариати шариф аҳкомларидан зарра қадар ташқарида эмаслигини, суннатларнигина эмас, ҳаттоки одобни тарк этганида ҳам кўп нарсалар йўқотишини билар эдилар. Суннатга ва одобга риоя этишни қаттиқ тавсия этардилар.

Бинобарин, Шариати шарифга бўлган ҳурматимни ҳар лаҳза янада кўпайишини Ҳақ таолодан тилаган ҳолда Қуръони карим ва ҳадиси шарифни бошга тож этишни жон дилдан маслак қилиб олган бир киши сифатида, хос ва холис равишда тасаввуфга қарши чиқишни энг катта хато ва хавфли бир нарса деган хулосага келганман. Шариати шарифга, ояти карималарга дил берган бир киши сифатида тасаввуфни ихтиёрий кайф-завқ касби эмаслигини, аксинча ҳар бир мусулмон учун мажбурий, зарурий бир йўл деган хулосага келдим.

ҲАҚИҚИЙ ИСЛОМИЙ ТАСАВВУФ

Ислом динининг тузилиши жуда гўзал, қулай ва мураттабдир. Унга кўра яшаш тарзи ҳам чуқур маъно касб этади. Ислом ичра яшаган киши жисмини саломат тутади, руҳини тарбиялайди, ҳам кўнглини нур ва ҳузурга тўлдиради. Ҳам дунё ишларини йўлга қўяди, ҳам охират саодатига етиштиради, зеро Ислом кишини ҳимоя қилади.

Ижтимоий нуқтаи назардан Ислом ҳам оилани қутқаради, ҳамжамоат ва давлатда тартиб-интизомни таъминлайди. Кучсизни сақлайди-ҳимоя қилади, кучлини тўхтатади, ҳар кишига ўз ҳуқуқини беради; аёл зотини ҳимоя қилади ва эркакни буюклаштиради, фақирни мамнун этади, бойни эса хайрли ишларга чорлайди, ишчини севинтиради, бошлиқ, ҳукмдорни огоҳ қилади.

Кўрамизки, нақадар мўъжиза, қандай хавфсиз, қандай мукаммал низомдир Ислом! Ислом ҳар асрнинг, хусусан шу дардманд асримизнинг шифоси, бутун моддий ва маънавий, шахсий ва ижтимоий дардларнинг давосидир, ақлларнинг озуқаси, кўнгилларнинг сафоси, қоронғу кечаларнинг нурли кундузи, қақраган дунёнинг оби ҳаётидир. Унинг тасаввуф деб аталган фойдали бир шаръий илми бордирки, у бўлмасдан туриб имоннинг мазасини сезиб яшаш; яъни Исломни нима эканлигини, унинг ботини, руҳи ва моҳиятини, хуллас нозик тарафларинию сиру асрорларини эгаллаш, бугунги ва ҳар даврнинг инсони учун кўнгил эҳтиёжи бўлган бир заруратдир. Чунки тасаввуф Қуръон ахлоқи, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг руҳий ва илоҳий ҳолати, шариатнинг нозик одобидир. Тасаввуф худбинлик эмасдир, ўзгаларни ўйлашдир, марҳаматдир, хизматдир; лоф уриш ва муболаға эмас, самимият ва ҳикматдир; қалб тозалиги, ирфон буюклиги, солиҳ амалларнинг бажарилишидир; ғийбат эмас, чиройли ахлоқдир; тошга қарши гул, заҳарга қарши доридир; кўзларга нур, кўнгилларга сурурдир.

Тасаввуф телбани валий қилади, қўполни одобли қилади, тошбағирнинг дилини юмшатади; марҳаматсизни мулойим, қалби қаттиқни кўзи ёшли қилади, ғофилни зулматдан нурга чиқаради, дарёда жон ҳолда типирчилаётганни соҳилга саломат етказади, жоҳилни тарбиялайди, маърифат хазинаси қилади, қақраган чўлни ирмоқлари билан сув бериб яшнатади; чўпонни султон қилади, саёз билимни уммон қилади; кишини халққа матлуб ва марғуб, Хаққа эса маҳбуб этади; тупроқдан яратилган инсонни нурлантиради, поклайди, фаришта сифат қилади, Раҳмоннинг ҳузурига лойиқ кўриб, илтифотига эриштиради…

Тасаввуф туфайли тиканзор сайргоҳ, тор ерлар кенг майдон бўлади; ғафлат ва кўрлик йўқотилади, мўминнинг басират (қалб) кўзи очилади, дунё севгиси билан хароба ҳолига келган қалблар Аллоҳ ишқи билан маъмур бўлади, маънавий зулматлар гумдон бўлади, кишиларнинг зоҳиру ботини пурнур бўлади; ожиз мўминга бир зиндон бўлган бу кўҳна жаҳон ҳақиқий гулистон ҳолига келади.

Тасаввуф, динимизнинг хақиқий ғояси бўлган “инсони комил” бўлишнинг йўли ва усулидир.

Хуллас, тасаввуф, барча даврларда бўлгани каби шу XX асримизнинг асабий, шубҳачи, шошқалоқ одамларининг кеча-кундуз қидиргани ҳақиқий бахтиёрликка эришишнинг илоҳий йўли ва калитидир…Бас, шундай экан, бу фойдали ва ҳаётий масалага жиддият билан эгилмоғимиз, бу нурли илоҳий йўлга кирмоғимиз, икки жаҳон саодатини топмоғимиз шарт!

(давоми бор)

Манба: Сайфиддин Рафиддиновнинг фейсбукдаги саҳифасидан олинди